Депутат сайловчиларга ҳисобот берди: беморларга ордер берилди, кўчалар таъмирланди, қувурлар янгиланди
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Акбарали Қаюмов Самарқанд шаҳридаги Нурли Келажак, Шукрона, Маданият, Нурафшон, Чорбоғ ва Дарғом маҳаллалари раислари, фаолларига ҳисобот берди.
Ҳисоботда келтирилишича, 2025 йил январ ойидан бошлаб ҳудуддаги SMART CITY шаҳарчасида депутатлик қабулхонаси ташкил этилди. Йил давомида сайловчилар билан 7 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, 190 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Таҳлилга кўра, электр таъминоти ва кўча ёритиш масалалари бўйича 25 та, табиий газ таъминоти бўйича 18 та, ичимлик ва оқова сув таъминоти бўйича 17 та, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт масалаларига оид 10 та, ободонлаштириш ва асфальтлаш бўйича 24 та, чиқиндиларни олиб кетиш бўйича 25 та, соғлиқни сақлаш тизимига оид 10 та ҳамда бошқа масалалар юзасидан 61 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларни ҳал этиш мақсадида 36 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Натижада қатор ижтимоий аҳамиятга эга масалалар ижобий ҳал этилди. Хусусан, Меҳробод маҳалласида яшовчи С.Холмамедовга юрак операцияси учун электрон ордер олиб берилди ҳамда 60 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу фуқаронинг турмуш ўртоғи ҳам имтиёзли даволаниш учун ордер билан таъминланди.
Шукрона ва Мирзо Бедил маҳаллаларида чиқиндилар учун контейнер майдончалари ўрнатилди, газ босимини ошириш масаласи ҳал этилди. Қатор маҳаллаларда ички кўчалар таъмирланиб, асфальт қопламалари ётқизилди. Фароғат маҳалласида ичимлик сув қувурларидаги муаммолар бартараф этилиб, 250 метр қувур тортилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 6-Меҳробод сайлов округидаги маҳаллалар марказлари ва хонадонлар олдига 1200 туп арча ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ушбу амалга оширилган ишлар 6-Меҳробод сайлов округида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.