"Динамо" франциялик ҳимоячи билан шартнома имзолади

Жамоа бир нечта ўйинчилар билан хайрлашиб, маҳаллий футболчилар билан шартномани узайтирди.

«Динамо» жамоаси 2026 йилги мавсум олдидан селекция ишларини давом эттирмоқда. Клуб 2026 йилги янги мавсум олдидан ҳужум ва ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирган.

Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби таклифига кўра, «Динамо» ПФК франциялик 25 ёшли марказий ҳимоячи Жеса Мабапе Айесса билан бир йиллик шартнома бўйича келишувга эришди.

Франциялик легионер клуб сафига эркин агент сифатида қўшилади.

Келиб чиқиши конголик Жеса Айесса Франция фуқароси саналиб, ўтган йиллар давомида «Сошо», «Гёньон», «Роморантин», «Ле Пюи», 2025 йилда эса Франция 2-дивизион вакили "Аяччо" шарафини ҳимоя қилган. У "Аяччо" сафида 2024/25 йилги мавсумда 25 ўйинда майдонга тушган.

"Динамо" клуби ахборот хизмати хабарига кўра, шартномаси тугаган бир нечта футболчилар билан хайрлашилган. Жумладан, сербиялик 37 ёшли яримҳимоячи Марко Станоевич, бразилиялик Франциско Феррейра, украиналик ҳимоячи Олександр Кучеренко жамоани тарк этган.

Шунингдек, "Динамо" таркибида ҳаракат қилган ҳужумчи Анваржон Ҳожимирзаев, етакчи яримҳимоячилар Санжар Қодирқулов ва Жалолиддин Жумабоев, 3 йилдан буён жамоа шарафини ҳимоя қилиб келаётган дарвозабон Равшанбек Ягудин ҳамда 21 ёшли яна бир дарвозабон Эдем Неманов билан 2026 йил якунига  қадар шартнома узайтирилган.