“Док-1 Макс” дори воситаси ва вафот этган чақалоқлар воқеаси: аслида нималар содир бўлган?

Кечадан буён ижтимоий тармоқларда “Док-1 Макс” дори воситаси атрофидаги шов-шувлар ва бевақт ҳаётдан кўз юмган чақалоқлар муҳокама қилинмоқда. Шу сабабдан биз вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, ҳолатга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам мазкур шифохона томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юқоридаги “Док-1 Макс” дори воситаси хусусида хат юборилган. Хатда сўнгги ойларда болалар ўртасида нафас йўллари вирусли касалликлари ошгани, оналарнинг болаларини мустақил даволашда “Док-1 Макс” дори воситасидан кўп қўллаётгани ва унинг ножўя таъсири бўйича мурожаатлар келаётгани маълум қилинган. 

Шунингдек, хатга кўра, охирги икки ойда 21 нафар бемор шу дорини қабул  қилгач ножўя таъсири кузатилгани бўйича мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия касаллиги кузатилган бўлиб, 17 нафарида бу жуда оғир кечган ва 15 бемор вафот этган. 

Марказ бошқармага юборган хатида юқоридаги сабаб боис “Док-1 Макс” дори воситасини болаларда қўллашга тақиқ киритилиши сўралган.

Эътибор бериш лозимки, марказ келтирган болалар ўлими билан боғлиқ юқоридаги рақам сўнгги икки ойдаги умумий ҳолат. Бу рақам бир ё икки кунда пайдо бўлмаган. Яъни, шифокорлар сўнгги икки ойдаги ўлим ҳолатларини таҳлил қилиб, беморлар шифохонага келтирилишидан олдин қайси дори воситаси қабул қилганидан келиб чиқиб, бошқармага таклиф киритган. 

Марказнинг хирургик ишлар бўйича бош шифокор ўринбосари Фазлиддин Файзуллаевга кўра, одатда касаллик ва ўлим ҳолатлари таҳлил қилиниб, ўрганилиб дори воситалари бўйича таклифлар юқори идораларга бериб борилади. Юқоридаги хат ҳам “Док-1 Макс”нинг эҳтимолий хавфи юзасидан ўрганиш учун берилган таклифлардан бири бўлган. 

Айни вақтда махсус ишчи гуруҳ болалар ўлимига айнан нима сабаб бўлгани, “Док-1 Макс” дори воситасининг қанчалик хавфли ёки хавфсиз экани борасида таҳлил ва ўрганишларни давом эттирмоқда. Ўрганиш натижалари маълум бўлмагани сабабли шифохона мутасаддилари дори воситаси юзасидан ҳозирча аниқ фикр билдиришмади. (Бугун натижалар эълон қилиниши кутилмоқда. Чунки комиссия уч кун ичида ҳолатни ўрганиши айтилган). 

Айтиш мумкинки, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан билдирилган юқоридаги хат аслида яна кўплаб фожианинг олдини олиб қолишга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Чунки мазкур шов-шувлар ортидан зудлик билан мамлакатимизда “Док-1 Макс” препарати сотувдан олиб ташланди.

Айтишингиз мумкин, ҳолат Самарқандда бўла туриб нега республика бўйича мазкур дори савдодан олиб ташланди?

Гап шундаки, одатда Самарқанддаги мазкур шифохонага атрофдаги вилоятлардан ҳам бемор болалар олиб келинади. Юқоридаги дори воситасининг ножўя таъсири юзасидан ҳам шифохонага мурожаат этганларнинг қарийб ярми бошқа вилоятлардан ташриф буюрган. Шу сабабдан ҳам дори воситаси республика бўйича савдодан олиб ташланган бўлиши эҳтимоли катта. 

Шифохонада бўлганимизда бу ерга фарзандини олиб келган қашқадарёлик Д.Бойқобилова ҳам тўрт кун давомида худди шу доридан фойдаланганини маълум қилди. Шундан сўнг боланинг сийдик чиқаришида муаммо кузатилган (мазкур доридан фойдаланган бошқа беморларда ҳам айнан шу ножўя таъсир кузатилгани тахмин қилинмоқда). Шундан сўнг беморни Самарқандга олиб келишган. 

Нима бўлганда ҳам энди ўлим сабаби ва дори воситаси бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари жуда муҳим. Шифокорлар ўз вазифасини бажаришди — тегишли жойларга ҳолат ҳақида хабар берди. Энди ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, зудлик билан қолган чоралар кўрилиши лозим.

Анвар Мустафоқулов,

Бахтиёр Мустанов,

Zarnew.uz мухбирлари.