Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунёда ҳар йили чақмоқ уришидан 240 мингдан зиёд киши жабр кўради

Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, атмосфера қатламида ҳар секундда 40-45 марта, йил давомида эса 1,4 миллиард марта чақмоқ чақади.

Ҳар йили чақмоқ уришидан 6 мингдан 24 минг нафаргача одам ҳалок бўлиб, 240 минг нафардан ортиғи жабрланади. Хўш, табиатнинг бу вайронкор кучидан омон қолиш мумкинми?

Бу саволга жавоб топиш учун, аввало, чақмоқнинг табиати, кучи ҳақида тушунчамиз бўлиши керак. Луғатда “чақмоқ” – бу электр майдон разрядларининг тўқнашуви натижасида ҳосил бўладиган ҳамда ўта ёрқин ёруғлик нури, тўлқин зарбаси, кучли товуш ва жуда катта энергия ажралиши билан кечадиган физик жараён дейилади. Уни мукаммал ўрганиш жуда мушкул, албатта. Сабаби, у қайси вақтда ва қаерда уришини аниқ айтиб беришнинг имкони йўқ. Унинг уриш жойи аниқ бўлганда ҳам, чақмоқ натижасида ҳосил бўлган заряднинг ток кучи 10-500 минг ампергача, кучланиши эса 10 миллиондан 1 неча миллиард вольтгача етиши мумкин. Бу инсон ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, дунёдаги жами чақмоқ урган одамлардан фақат 9-10 фоизи вафот этган. Бундан ташқари, ушбу табиат ҳодисаси оқибатида биноларда ёнғин келиб чиқиши, электр таъминоти, алоқа, авиация ва бошқаларда муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шундай экан, кейинги кунларда тез-тез содир бўлаётган чақмоқлардан ҳушёр бўлайлик. Момоқалдироқ вақтида очиқ майдонда юриш, темир конструкцияли иншоотлар яқинига бормайлик.

О.Салимов,

Самарқанд шаҳар ФВБ ходими, катта лейтенант.