Дунёдаги ғайриоддий кинотеатрлар
Ҳозирда одамларнинг ўз уйида қулай шароит яратиб, кино томоша қилиш имкониятлари бор, лекин бундай қулайликлар кинотеатр муҳитини ярата олмайди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб ғайриоддий хусусиятларга эга кино муассасалари томошабинларни жалб қилиб келмоқда.
Electric Cinema

Юз йиллик тарихга эга, икки урушдан омон қолган бу кинотеатр Британия пойтахтида жойлашган. Қайсидир сабабларга кўра, у 1980 йилларда деярли ёпилган эди. Актриса Одри Хепберн ҳаракатлари туфайли “кинохона” инқироздан омон қолди. Ушбу муассасанинг ўзига хос хусусиятлари орасида томоша давомида ташриф буюрувчининг официантдан қаймоқли ёки шоколадли қаҳва буюртма қилиш имконияти бор.
Жакузи

Лондонда жакузи ўрнатилган кинотеатр мавжуд бўлиб, у ерда меҳмонлар иссиқ сувга чўмилган ҳолда фильм томоша қилишлари мумкин. Бундай кинотеатр ўзининг мунтазам томошабинларига эга.
Fox

Оклендда жойлашган 2800 кишини сиғдирадиган бу ҳашаматли кинотеатр жуда таъсирли ўлчамларга эга. 2009 йилда ушбу муассаса расмий равишда АҚШнинг Тарихий жойлар миллий реестрига киритилган ва ўзининг дабдабаси билан ҳайратда қолдиради.
Кинотеатр-қаҳваҳона

Голливуддаги Дисней студиясида илмий-фантастик кафе-кинотеатр мавжуд бўлиб, ундаги ўриндиқлар эски машиналар кўринишида безатилган. Бу залдаги фильмлар намойиши очиқ осмон остидаги кинотеатрни эслатади.
Қайиқли кинотеатр

Парижда сув устида тебраниб турадиган қайиқда ўтириб фильм томоша қилишингиз мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши томошабинлар учун қутқарув нимчаси тайёр ёки ҳатто эшкак каби реквизитлар ҳам берилиши мумкин.
Кинолар шаҳри

Исроилда ҳар бири ўзига хос мавзу ва дизайнга эга жами 26 та кинозалли “шаҳар” жойлашган. Ҳақиқатан ҳам "Кинолар шаҳри" таъсирчан ҳудудга эга ва замонавий хоналаридаги ўта реал 3D-формат унинг диққатга сазовор жойи ҳисобланади.
Ётволиб, кино томоша қилинг

Францияда жойлашган Olympia кинотеатри ташриф буюрувчилари каравотда ётган ҳолда фильм томоша қилишлари мумкинлиги билан ажралиб туради. Ташриф буюрувчилар анъанавий ва энг кенг тарқалган курсилар ўрнига жозибали чойшаблар билан қопланган кўрпа-ёстиқларда тўлиқ дам олиш имкониятига эга. Хоҳласангиз кино кўринг, хоҳласангиз мириқиб, дам олинг.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.