Дунёнинг энг бой одамлари йиғилган кема: Бугун «Титаник» ҳалокатга учраган кун
«Титаник» - ХХ аср бошидаги энг йирик йўловчи кемаси, Британиянинг «White Star Line» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган учта эгизак пароходнинг иккинчиси эди. Унинг узунлиги тахминан 269 метр, кенглиги - 28,2 метр, сув ўтказувчанлиги - 46,3 тоннадан ортиқ, тахминий максимал тезлиги - соатига 42-44 километр бўлган. Ўшанда журналистлар унинг узунлигини учта шаҳар ҳудуди, баландлигини эса 11 қаватли бинога тенглаштиришган.
«Титаник» 3320 кишини ўз бағрига сиғдира олган. Капитан Эдвард Жон Смит бошчилигидаги лайнер экипажи 885 кишидан иборат эди.
1911 йил 31 майда «Титаник» сувга туширилди. Ўн ой ўтгач, 1912 йил 2 апрелда кема денгиз синовларидан муваффақиятли ўтди.
Дастлабки сафарини амалга ошираётган «Титаник» бортида 2224 киши бўлган. Ушбу рейсга чипта олганлар умумий сонининг чорак қисми биринчи даражали йўловчилар, яъни, жуда бадавлат одамлар эди. Лайнерда миллионерларнинг юзлаб миллион долларлик тилла ва заргарлик буюмлари бўлгани алоҳида таъкидланган. «Титаник»да» америкалик саноатчи, кончилик магнати Бенжамин Гуггенхайм вориси, америкалик миллионер ва ихтирочи Жон Жейкоб Астор ёш рафиқаси билан, АҚШ президентларининг ҳарбий ёрдамчиси Теодор Рузвельт ва Уильям Ховард Тафт Арчибалд Уиллингем Батт, АҚШ конгресси аъзоси Исидор Штраус, актриса Дороти Гибсон саёҳатга чиқишган. «Титаник» бадавлат Маргарет Браун, британиялик модельер Люси Кристиан Дафф Гордон ва ўша даврнинг бошқа кўплаб машҳур ва бой одамларни «бағрига олган» эди.
11 апрель куни кема Европадаги охирги режалаштирилган тўхташини Куинстаун шаҳрида амалга оширди ва шу куни Нью-Йоркка жўнаб кетди. Саёҳат пайтида ҳаво очиқ, денгиз тинч эди.
14 апрель куни тўрт кунлик тинч сузгандан сўнг, Маcрони симсиз телеграфига эга бўлган «Титаник» бошқа кемалардан маршрут ҳудудида айсберглар борлиги ҳақида хабар олган. Капитан «Титаник» йўналишини бироз ўзгартириб, уни жанубга, кейин ғарбий томонга буради. Ўша куни кечқурун лайнер айсберглар жойлашган ҳудудга яқинлаша бошлайди. Ҳарорат тушди ва кечқурун тўққизда нолдан бир даража эди. Осмон юлдузли, лекин ой йўқ эди. Яқинлашиб келаётган хавфга қарамай, лайнер 22,5 тугун тезликда ҳаракатланарди.
Соат 22:55 да яқин атрофдаги «Californian» (“Калифорния”) кемасидан ўраб турган зич муз туфайли тўхташга мажбур бўлгани ҳақида хабар келади. «Титаник»нинг йўловчи хабарлари билан шуғулланувчи радио оператори махсус код бўлмагани сабабли огоҳлантиришни шошилинч эмас деб ҳисоблайди ва уни капитанга етказмайди.
Тахминан соат 23:40 да кузатувчилар лайнер қаршисида айсбергни кўриб, огоҳлантириш қўнғироғини босади ва бу ҳақда кўприкка хабар беради. Биринчи ёрдамчи кемани чапга буриш буйруғини беради. «Титаник» бурила бошлаади, аммо маневрни якунлашга улгурмайди. Айсберг жуда яқин эди ва лайнернинг ён томонига урилади. Кеманинг олтита сув ўтказмайдиган бўлими шикастланиб, денгиз суви билан тўла бошлайди. Улар тўлган сайин лайнернинг ёйи тобора пастга тушиб, кема сувга тўла бошлайди.
Ўшанда айрим кемалар фалокат сигналига жавоб беришган, бироқ улар жуда узоқда бўлган. «Титаник» нисбатан яқин бўлган ва тунги радиоси ўчирилган «Калифорния» кемаси билан боғлана олмаган.
02:10 га келиб «Титаник»нинг орқа қисми сувдан тўғри бурчак остида кўтарилади. Бир неча дақиқадан сўнг чироқ ўчади. Кейин кема иккига бўлинади. 15 апрель куни соат 02:20 да «Титаник» тўлиқ чўкиб кетади. Юзлаб йўловчилар ва экипаж аъзолари муздек сувга ғарқ бўла бошлайди. Чўкиб кетиш хавфи остида яқин орада сузиб юрган шлюпкалар одамларни қутқариш учун яқинлаша олмаган. Маълум вақт ўтиб, айрим шлюпкалар қайтганда аксарият одамлар музлаб бўлишган эди.
Ҳалок бўлганлар сони, турли манбаларга кўра, 1400 дан 1523 кишигача. «Титаник» билан бирга унинг капитани ҳам, бош конструктори ҳам, лайнер ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача чалишда давом этган саккиз нафар оркестр аъзолари ҳам ҳалок бўлади.
Ҳалокатга учраган «Титаник» кемаси 1985 йил 1 сентябрда америкалик денгиз археологи Роберт Боллард ва унинг француз ҳамкасблари Канаданинг Ньюфаунд ороли халқаро сувлари қирғоқларидан топмагунича денгиз тубида шундайлигича қолган. 1985 йилдан бери «Титаник» вайроналари орасидан топилган беш мингга яқин артефактлар чиқариб олинган. Кўплаб сув ости кемалари кема қолдиқларини кўришган, сув ости кемалари у ерга сайёҳларни етказиш билан шуғулланган. 2000 йилда АҚШ суди «Титаник»дан ҳар қандай элементни олиб чиқишни тақиқлади. 2012 йилда ЮНЕСКО «Титаник» ҳалокатини сув ости маданий мероси сифатида ҳимоясига олди.
Машҳур лайнер ҳақида ўнлаб китоблар, юзлаб мақола ва очерклар ёзилган, фильмлар суратга олинган.
Г.Холдорова тайёрлади.