Дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиб, республикамиз ҳудудида фаолият бошлаган тадбиркорлар учун имтиёзлар бор
Бу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сонли қарорида белгиланган.
Унга кўра, 2026 йил 31 декабрга қадар дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 ва меҳмонхона тармоқларининг топ-5 рейтингига кирган) фойдаланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотларнинг роялти харажатлари франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда қисман молиялаштирилади:
3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун — меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;
4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун — меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида;
5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун — меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 600 АҚШ доллари эквивалентида.