Душанбадан бошлаб жамоат транспорти ўз ҳаракатини бошлайди: Самарқанд шаҳрида ҳозирча 250 та автобус аҳолига хизмат кўрсатади

Жорий йилнинг 17 августидан бошлаб республика махсус комиссияси қарорига асосан вилоятлараро, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатновларига рухсат берилади. Ушбу қарордан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам ушбу санадан бошлаб 500 та автобус ҳаракати қайта тикланади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 47 та йўналишда 250 та Самарқанд шаҳри ва туман марказларини боғловчи ҳамда туманлар ички йўналишларида яна 250 та автобус аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.

Барча йўналишлардаги автобусларнинг йўлга чиқишларидан олдин ҳайдовчилар тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Мабодо ҳайдовчиларнинг тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйилмайди. Шунингдек, уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, автобус салонига ниқобсиз бўлган йўловчиларни киритмаслик, имкон қадар ижтимоий масофани сақлашга ҳам эътибор қаратилади. Транспорт воситалари белгиланган талаблар асосида доимий равишда дезинфекцияланиши вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан назорат қилиб борилади.

Карантин чекловларига қадар вилоятда 209 та йўналишда 847 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатиб келаётган эди. Шундан 54 та йўналишда 469 та автобус Самарқанд шаҳрида фаолият юритган бўлса, қолган 155 та йўналишда 378 та автобус шаҳарлараро ва вилоятлараро қатнов жадвалига асосан ҳаракатланган.

Вилоят транспорт бошқармаси

ахборот хизмати.