ДХХ кубоги кимга насиб этади?

Жорий йилнинг 8 апрель куни вилоятда маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини футбол бўйича “Ўзбекистон Республикаси ДХХ кубоги” мусобақасига старт берилган эди.

Ушбу спорт мусобақаларида вилоятдаги 1126 та маҳалладан 3378 та жамоа шакллантирилиб, 40 минг 536 нафар ёшлар қамраб олинди.

Мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасида ўтказилган баҳсларда Тойлоқ тумани “Тепа қишлоқ” маҳалласи жамоаси мусобақанинг республика босқичига йўл олди.

Кейинги ўринлар Пахтачи тумани “Гулобод” маҳалласи  ва Самарқанд тумани "Арабхона" маҳалласи жамоаларига насиб этди.

Мусобақанинг қизлар ўртасидаги беллашувларида Жомбой тумани “Нўш” маҳалласи жамоаси республика босқичида вилоятмиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Иккинчи ўринни Иштихон тумани “Той туёқ” маҳалласи, учинчи ўринни Паст Дарғом тумани “Гўзалкент” маҳалласи  жамоалари қўлга киритди.

Айни пайтда футбол бўйича мусобақанинг вилоят босқичига чиққан жамоалар ўртасида ярим финал ўйинлари давом этмоқда. Бугун "Динамо" ўйингоҳида республика йўлланмаси учун финал учрашуви бўлиб ўтади.

Ўйин соат 18:00 да старт олади.