ДХХ: Самарқандда фуқароларни АҚШга юбормоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида АҚШга ноқонуний йўллар билан етказиб қўйишни таклиф қилаётган фирибгарлар қўлга олинди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган шахс алдов йўли билан Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, “Ўзбекистон-Испания-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига ундан 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бунинг учун олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 1971 йилда туғилган фуқарони “Ўзбекистон-Туркия-БАА-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали Америкага юбориш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг долларни олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.