ДХХ телеграм орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи икки йигитнинг фаолиятига чек қўйди
2018 йил жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 244 прим 1 моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган қўқонлик 23 ёшли Т.А.га инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Лекин у бундан тўғри хулоса чиқармасдан, телеграмда диний экстремистик ва террористик ташкилотлар раҳнамоларининг жиҳодга, шаҳидликка чорловчи аудио-видео маърузаларини тинглаб, томоша қилади. Оқибатда у Сурия давлатидаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида унинг қабиҳ режасига чек қўйилди. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида яшовчи 21 ёшли Т.И. ота-онасининг огоҳлантиришларига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолади.
У телеграмда гуруҳ очиб, экстремистик оқимлар раҳнамоларининг маърузаларини ҳамда “Туркистон ислом ҳаракати”, “Катибатул Тавҳид ва Жиҳод” каби террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган, жиҳодга чорловчи материалларни жойлаштириб, ўз гуруҳи аъзолари сонини 45 нафарга етказди.
ДХХ ходимларининг саъй-ҳаракати билан унинг ҳам ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Энди ҳар икки шахс ҳам қонун олдида жавоб беради.