Эҳтиёжманд оилаларга ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг уй-жойлар ҳамда "Янги Ўзбекистон" массивлари қурилиши бўйича йиғилишида маълум қилинган.

Таъкидланишича, камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга, "маҳалла еттилиги" тавсияси асосида, ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача банди бюджетдан қоплаб берилади.
Аҳолига бу борада кўмаклашишда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси муҳим ўрин тутади. Ўтган уч йилда унинг кредит портфели 3 триллион сўмдан ошди. Ушбу компания устав капиталини 100 миллион долларга етказиш, хорижий маблағлар жалб этишни кенгайтириш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда "Янги Ўзбекистон" массивларини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ҳудудларда 38 та массив қурилиши бошланган. Жорий йилда яна 17 та массив бунёд этиш кўзда тутилган.

Лекин айрим жойларда кечикиш ҳолатлари бор. Масалан, Сурхондарё, Андижон, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида қурилиш ишлари ортда қолмоқда.

Шу боис ҳар бир массив кесимида манзилли рўйхатни тасдиқлаб, бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари бунда асосий талаблар – сифат, муддат ва таннарх эканини таъкидлади.

Айрим ноинсоф қурувчилар харидорлар ишончини суиистеъмол қилаётгани қайд этилар экан, улушдорлик асосида уй-жой барпо этишда аҳолини ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ер аукционида қатнашадиган қурилиш ва пудрат ташкилотларининг молиявий салоҳиятига минимал талаблар жорий қилиниши белгиланди.