Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш жамиятда эзгулик, меҳрибонлик ва ҳамжиҳатлик фазилатларини қарор топишига хизмат қилади

Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар партиямизнинг мақсад ва дастурий вазифаларига тўлалигича мос келади, десак муболаға бўлмайди.

Чунки Ўзбекистон ХДП Дастурида “Ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш”дан иборат эканлиги белгилаб қўйилган.

Давлат раҳбари жорий йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сургани ҳаммамизни қувонтирди.

Келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш, 2025 йилда камбағаллик юқори бўлган 1000 та маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Янги йилдан партиямиз олдига қўйилган қуйидаги масалалар кўтарилгани барчамизни қувонтирди:

- оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниши ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши;

- камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилиши;

- камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитиш ва тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланиши;

- 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги;

- камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган 23 минг одамнинг 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилиши ва натижада яқинига қараб турган 15 минг аҳолининг ишлашига шароит яратилиши;

- 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилиши;

- “Ижтимоий дафтарлар” маблағи фақат камбағал оилаларни яшаш шароитини яхшилаш, тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланиши;

- эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилиши, уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилиши ва харажати қоплаб берилиши;

- 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ўрнини босадиган  битта – ижтимоий карта жорий этилиши, ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлиши, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушиши.

Йиғилишда кўтарилган яна энг долзарб масала  ногиронлиги борлар билан ишлаш бўлди. Президент ногиронлиги бор болалар тенгдошлари қатори оддий мактабларда ўқиши нақадар муҳим экани ҳақида тўхталиб ўтди.

Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилиши, бунинг эвазига йил бошидан 100 минг одамни эҳтиёжи таъминланиши, рўйхатга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди.

Қисқача айтганда, Президентимиз томонидан кўтарилган ижтимоий ҳимоя соҳаси  партиямиз дастурининг қанчалик халқчил эканининг яна бир бор исботи бўлди.  Зеро, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш жамиятда эзгулик, меҳрибонлик ва ҳамжиҳатлик фазилатларини қарор топишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти, унинг туман (шаҳар)  кенгашлари, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларимиз билан бирга барча имкониятларни сафарбар этиб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни оғишмай амалга оширамиз.

Бадриддин Насриев,

ЎзХДП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.