Экология: Бугунги бепарволик, эртанги фожиа
Тараққиёт ҳар доим қарама-қарши таъсирларни келтириб чиқаради, нималардадир ўздирса, қайсидир жиҳатлар билан инсониятни ортга тортиб туради. Айни кунларда буни яққол ҳис қиляпмиз.
Ёдингизда бўлса керак, бундан бир неча йил аввал шаҳарлар қиёфасини замонавийлаштириш мақсадида катта-катта кўчалардаги дарахтлар аёвсиз кесилди, ўрнига янги ниҳоллар экилди-ю, кундан кунга “замонавий” чиқитлар кўпаяётган бутун бошли шаҳарлар улкан яшил ҳудудларсиз қолди. Табиат жонкуярларининг ўша пайтдаги чиқишлари “чинорлар аҳоли орасида аллергик хасталикларнинг ортишига сабаб бўляпти” деган важ билан тўласинча бости-бости қилинди. Бундай йирик миқёсдаги хатти-ҳаракат аҳоли орасида дарахтлар кесилишига нисбатан кўникиш ҳиссини пайдо қилди. Ўша йилларда электр, газ таъминотидаги муаммолар туфайли тоғу даштлардаги кўпгина дарахтлар ҳам кесилиб, ўтин бўлиб кетди.
Яна бир жараённи асосан мутахассислар яхши билади. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида гўёки катта имтиёзлар берилди. Яъни, улар фаолиятини текшириш қисқартирилди. Ҳатто, ишлаб чиқараётганлари инсон саломатлиги учун жуда муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган корхоналарда ҳам санитария назорати олиб боришга рухсат берилмади. Экологлар-ку баъзи саноат корхоналари ёнига йўлай ҳам олмади.
Ҳа, ўнтагина иш ўрни яратган тадбиркор бу ишнинг нечоғлик мураккаблигини яхши билади. Лекин тадбиркорга реал ёрдам билан бирга ҳам ўзининг, ҳам аҳоли саломатлигига зид бўлган “имтиёз”лар берилди...
Хўш, бугун бу хатолар жабрини тортаётган эканмиз, унинг олдини олиш қанчалик мураккаб, бунинг иложи борми ўзи? Давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, фаоллар қайси масалаларда кўпроқ қатъият кўрсатиши лозим?
Бу ҳақда халқаро эколог-эксперт Тўрахон ҲОШИМОВ билан фикрлашдик.
Қурилиш майдонининг 30 фоизи яшил ҳудуд бўлиши лозим
- Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги ҳавода чанг зарралар халқаро меъёрлардан анча ошиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалгани ортидан мамлакатимизда айнан экология масаласида жиддий қадамлар ташланди, - дейди Тўрахон Ҳошимов. - Биринчи навбатда экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги тўғридан-тўғри Президент бўйсунувига ўтган миллий қўмитага айланди. Бу жуда муҳим, сабаби, узоқ йиллик хатоларни тузатиш, она табиатимизни ва аҳоли саломатлигини асраш учун кучли сиёсий ирода ва қатъий амалларни бажариш лозим. Бу қўмита қошида бир нечта йўналишларни қамраб олган махсус комиссиялар тузилди, вилоятларда унинг иши жонланди.
Бу йил мамлакатимизда ёғингарчилик кам бўлгани туфайли иқлим ўзгаришлари яққол сезилди. Шунинг учун, авваламбор, атмосфера ҳавосини намлантириш, мавжуд фонтанларни ёқиш, шаҳардаги дарахт, ўсимликларни махсус машиналарда ювиш, канал, коллекторларни тозалаш каби бирламчи вазифалар амалга оширилмоқда. Кўмилиб кетган ариқларни тиклаб, ўша ерда махсус ҳаво-томчи пардасини ташкил қилиш лозимлиги айтилди.
Келинг, авваламбор, мамлакатимиз ҳавосидаги бу қадар ифлосланишнинг сабабларига тўхталиб ўтсак. Кейинги йилларда шаҳарларда йирик қурилишлар амалга оширилмоқда. Ушбу қурилиш майдонларида экологик талаблар асосида қатор амалий ишлар бажарилган бўлиши керак. Хусусан, қурилишлар атрофида майдоннинг 25 фоизини яшил ҳудуд ташкил этиши лозим. Янги қурилиш майдонларидаги дарахтлар сақланиб қолишида жамоатчилик назорати ўрнатиш учун ушбу ҳудудлар атрофи очиқлигини таъминлаш керак. Шунингдек, экология, ҳаво тозалигини сақлашда яна бир муҳим жиҳат, яъни шамол йўналишини ҳам ҳисобга олиш лозим. Шамол йўлига қўйилаётган тўсиқлар афсуски мавжуд. Яъни, катта шаҳарларда асосий шамол йўлларига кўп қаватли иморатлар горизонтал ва перпендикуляр тарзда қуриляпти. Шамол бу биноларга урилиб, ўз функциясини бажаролмаяпти, яъни ҳаво алмашинуви содир бўлмаяпти. Бундан кўриниб турибдики, экологик экспертиза лойиҳаларида ҳам кўплаб камчиликлар бўлган.
Бу юмшоқ айтилган гап
Шаҳарда амалга оширилаётган қурилишларни кузатар эканмиз, улар атрофида 25 фоиз тугул, 1 фоиз ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмаганига гувоҳ бўламиз. Шамол йўналишлари ҳақида гап кетганда баъзи кўп қаватли уйларнинг ички тузилишига эътибор қаратсак. Яхши биласиз, кейинги йилларда қурилаётган уй-жойларнинг аксарияти бир томонлама қурилмоқда. Яъни, квартира деразаси фақат бир томонга қаратилган. Қуёш чиқиш ва ботиши кўриниши лозим бўлган, икки томонлама ҳаво алмашиб турадиган хонадонлар, афсуски, ўтмишда қолиб кетди.
Хўп, бу қурилишлар учун экология экспертизаси хулосаси олинганми? Бўлса, нега бунчалик номувофиқликлар бор? Шу ўринда кўпчиликда бу хулосалар, эҳтимол, коррупция ҳолати билан олингандир, деган фикр пайдо бўлади. Яна бир тахмин, кучли босимни ҳам назардан қочирмайлик.
Зарарли газларга резина чанги ҳам қўшилади
Экология ёмонлашувига сабаб бўлаётган яна бир омил – автотранспорт воситалари. Юртимизда шу кунларда, статистикага кўра, 5 миллиондан ортиқ автотранспорт воситаси бор. Самарқанднинг ўзида 500 мингга яқин автомобиль бор, шунингдек, транзит тарзда бир кунда 300 мингга яқин автомобиль вилоят ҳудудидан ўтади.
- Бугун ёқилғи орқали атмосферага етказилаётган зарарларнинг олдини олиш бўйича анча ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўляпмиз, - дейди Т.Ҳошимов. - Хусусан, бензин ёқилғиси билан ҳаракатланаётган автомобиллар ҳавога 78 фоиз заҳарли газларни чиқарса, пропан ёқилғиси орқали бу кўрсаткич 57 фоизгача туширилди. Кейинчалик метан ёқилғиси орқали 27 фоизга тушди. Мана, кейинги йилларда электромобиллар кўпайиб қолди. Бу борада масалада яхши ўзгаришлар борлигини кузатяпмиз, аммо яна бир муҳим масала бор. Ҳар битта машина бир йилда атмосферага 10 килограмм миқдорда резина чангини ташлайди. Асфальт ва резиналарнинг ишқаланиши оқибатида атмосферага резина чанги ва турли ноорганик моддалар чиқарилади. Бу рақамларнинг ошишига сабаб бўлаётган омиллар ҳам бор. Кейинги пайтда йўлларда турли сунъий тўсиқлар, яъни дўмпаклар пайдо бўляпти. Айниқса, маҳалла йўлларида ҳеч қандай рухсатсиз аҳоли томонидан жуда қисқа масофаларда шундай тўсиқлар ўзбошимчалик билан қўйилмоқда. Ваҳоланки ҳар бир машина белгиланган тезликда маромида ҳаракатланиши керак. Доимий равишда тезликни кескин камайтириш ва ошириш ёқилғини икки баравар кўп миқдорда сарфлашга тўғри келади. Сунъий йўл тўсиқларни олиб ташлаш бўйича таклифларимиз инобат олиниб амалий ишларга киришилган.
Танганинг иккинчи томони
Табиийки, йўлдаги сунъий тўсиқлар бежиз қўйилмаяпти. Қуйидаги рақамларга эътибор беринг, шу йилнинг тўққиз ойида вилоятда 747 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва уларнинг 44 фоизи пиёдаларни уриб кетиш ҳолати билан боғлиқ. Бу ҳодисаларнинг 114 таси тезликка риоя этилмагани туфайли содир бўлган. Шу сабабли аҳоли шундай дўмпаклар қуришга мажбур бўлмоқда.
Автомобилларнинг зарарли чиқитлари ҳақида гап кетганда баъзи рақамларни келтириб ўтиш жоиз. Чиқит газлари таркибида тахминан 220 та зарарли модда, жумладан, углерод оксиди (CО), углеводородлар (CH), азот оксиди (НОх) ва бошқа газлар мавжуд. Инсон саломатлиги учун энг хавфлиси юрак-қон томир ва нафас олиш тизимларига салбий таъсир кўрсатадигани углерод оксиди ва азот диоксидидир.
Автомобиль кунига ўртача 1 килограммгача чиқинди газ чиқаради. Чиқинди газларнинг кимёвий таркиби нафақат инсон саломатлиги, балки ҳайвонлар, ўсимликлар, тупроқ ва сув учун ҳам хавфлидир. Бундан ташқари, мамлакатимизда қуруқ об-ҳаво туфайли атмосфера ҳавосида 8-9 ой давомида чанг бўлади. Чанг зарралари инсон танаси учун ҳам зарарли бўлиб, нафас олиш йўллари касалликлари, дерматит, коньюнктивит ва бошқа касалликларга сабаб бўлади.
Чиқит газлари таркибида қўрғошин бўлиши мумкин, бу ақлий ривожланиш учун хавфли ва айниқса, болалар учун зарарли, чунки улар заҳарли металлга кўпроқ сезгир.
Чанг-газ тозалаш ускуналари қайси ташкилотда бор?
- Ҳар бир қурилиш объекти экологиянинг хулосасини олиши керак, бунда ер танлашдан тортиб унинг атрофини кўкалазорлаштиришгача кўзда тутилган, - дея суҳбатни давом эттиради Т.Ҳошимов. - Қурилиш амалга оширилаётган ҳудудларда ҳавони 91 фоизгача чанглардан тозалаб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши белгиланган. Жамоатчилик эшитуви ўтказилмаса, экология масъулларининг хулосаси бўлмаса, қурилишни бошлашга рухсат берилмаслиги керак. Экспертиза хулосалари берилаётганда биринчи навбатда ҳудудда дарахтлар мавжудми-йўқми, ўрганилади. Яхши биласиз, бугунги кунда мамлакатимизда белгиланган талабларга кўра, 78 турдаги дарахтларни кесишга мораторий ўрнатилган.
Ҳар йили Самарқандда 17,5 миллион туп дарахт экилмоқда. Лекин уларнинг кўкариб кетиши қандай бўляпти? Бу масалани ўрганиш учун ҳокимликлар қошида махсус комиссиялар ташкил этиляпти.
Ишлаб чиқариш саноат корхоналари атрофида албатта яшил белбоғлар бўлиши керак. Бу атроф-муҳитга ташланаётган зарарли чиқиндиларнинг олдини олиш учун жуда муҳим. Биринчи тоифадаги корхоналарга (яъни, атмосферага зарари миқдори катта бўлган) 2026 йил март ойига қадар автоматлаштирилган назорат тафтиш ускуналари ўрнатилиб, шу корхона томонидан атрофга ташланаётган зарарли моддалар миқдори бўйича маълумот бериб борилади.
Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини бартараф этиш ҳам асосий масалалардан бири ҳисобланади. Узоқ йиллар давомида экологларнинг бу масаладаги роли ҳаминқадар бўлиб келди. Чунки тадбиркорлар фаолиятига аралашиш фақат Бизнес-омбудсман назоратида бўлди. Яъни, эколог ходимлар у ёки бу корхонанинг экологияга келтираётган зарарини ўрганиш учун унга мурожаат бўлиши, шундан сўнг Бизнес-омбудсман рухсати билан ўша корхонанинг атроф-муҳитга нечоғлик зарар келтираётганини ўрганиш мумкин эди. Яқиндагина бу масалада ўзгариш қилинди - эндиликда қўмита тўғридан-тўғри шу ваколатга эга бўлди.
Бугун вилоятда 5 мингга яқин саноат корхонаси фаолият кўрсатади. Улар орасида озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар сони жиҳатдан биринчи ўринда бўлса, қурилиш материаллари, шиналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар иккинчи ўринни эгаллайди. Хўп, қайси саноат корхонаси атрофида яшил белбоққа кўзингиз тушди? Бу масалада ҳам афсусланарли ҳолатдамиз.
Тўғри, кейинги йилларда саноат корхоналарида атмосферага зарарли чиқитларни чиқаришнинг олдини олиш учун қатор ускуналар ўрнатиляпти. Аммо экология ҳақида тасаввури ҳам бўлмаган, ишчи-ходимлар ҳаётига хавф соладиган оддий техник қоидаларга риоя этмайдиган корхоналар қанча?!
Юз минглаб инсонларни иш билан таъминлашга, мамлакатдаги иқтисодий аҳволни яхшилашга ҳисса қўшаётган ушбу корхоналарнинг тўлақонли фаолияти муҳим дастакларимиздан бири. Лекин бундай дастак экология, кейинчалик миллионлаб давлат пуллари сарфланишига сабаб бўлаётган саломатликка сарфланиши ҳисобига бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг асоратини йиллаб йўқотолмай овора бўламиз, иқтисод ривожи учун ишлаган дастак, ижтимоий ҳимоя ҳисобига тарози палласини кўтариб юборади.
“Тоза ҳаво” қоғозда эмас, амалдаги миллий лойиҳага айлансин!
Экологиядаги бу муаммолар ортидан яқинда тузилган Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов мамлакатда шу яқин йилларда вазиятни ўнглаш учун тузилган “Тоза ҳаво” миллий лойиҳасини жамоатчиликка тақдим этди. Ушбу лойиҳада жуда кўп чора-тадбирлар белгиланган. Улар орасида йирик яшил ҳудудлар ташкил этишдан тортиб, иссиқхоналарни босқичма-босқич газ ёқилғисига ўтказиш, шина, мазут ва бошқа чиқиндиларни ёқиш учун жарималар миқдорини кескин ошириш ҳам бор.
Шунингдек, Аи-80 бензини сотувини тақиқлаш, қурилиш корхоналарига чанг миқдорини камайтириш юзасидан қатор чоралар кўриш лозимлиги, экологик жарималарни бир неча бараварга ошириш, экополиция тизими орқали назоратни кучайтириш, чиқинди полигонлари назоратини давлат ўз зиммасига олиши, “зарарланиш кадастри” тизимини ишлаб чиқиш орқали аҳолини бевосита назоратга жалб этиш кабилар назарда тутилган.
...Айни кунларда кечқурун тоза ҳавода сайр қилай, деб кўчага чиқсангиз, шаҳарнинг айниқса, биз “супер” деб атайдиган ҳудудида куюк бир ҳиддан кўнглингиз ағдарилади. Бу қўланса ҳид кундузи атмосферага ташланган транспорт воситаларининг заҳарли газларидан тортиб, ўша ҳудуддаги қатор цехлардан чиққан тутунларни ўзида мужассам этган. Бу ҳам камлик қилгандай, аҳоли орасида барг-хазонни тўплаб, ёқиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Аҳволимиз ҳозирча шундай. Лекин энди жиддий киришмасак, кейин кеч қоламиз. Биринчи навбатда ўзимиз, ҳар биримиз киришайлик! Тоза ҳаво фақат қоғозда эмас, амалда ҳам чини билан миллий лойиҳамизга айлансин!
Гулруҳ Мўминова.