Эквадор қамоқхоналарида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
"Эквадор ҳукумати ҳаракат қилади, биз ҳаракат қилишимиз керак ва биринчи навбатда бутун мамлакат бўйлаб пенитенциар (ижро органлари) тизимида фавқулодда ҳолат эълон қиламиз", деди Эквадор президенти Гильермо Лассо 100 киши ҳалок бўлган ва 80 дан зиёд одам яраланган Гуаякуил қамоқхонасида содир бўлган исёндан кейин.
Полицияга жазони ўташ жойини назоратга олиш учун тахминан 5 соат вақт керак бўлди.
Қарама-қаршиликнинг илдизи наркокартелларга бориб тақалади. Бу мамлакат тарихида қамоқхонада гранаталар ва шафқатсиз репрессиялар билан ўтган энг қонли тўқнашув бўлди.
"Полиция ичкарига кирганда уларга ўқотар қурол, тўппонча, револьвер билан ҳужум қилишди. Лекин полиция ўқ ишлатмасдан, профессионал тарзда ҳаракат қилди. Биз жиддий жароҳат олмаслик учун ўлдирмайдиган қурол, резина ўқлар ишлатдик", деди Эквадор миллий полиция генерали Фаусто Буенано.
Бу даҳшатли воқеалар Эквадор қамоқхона тизими узоқ йиллар ботқоқда бўлган чуқур инқироздан далолат беради. Ҳукумат хавотир билан хабар кутган маҳбуслар яқинларига психологик ёрдам кўрсатди.
"Биз учрашувга борганимизда, улар ҳамма нарсани яхшилаб текшириб кўришади. Бунча қурол қандай қилиб ичкарига киритилганига ҳайронман... У ерда ҳамма қуролланган, ҳамма…", дейди маҳбуснинг онаси Вана Пинто.
«Бизга ҳукумат ёрдам беришини хоҳлаймиз. Қамоқхонада оғир жиноят қилмаганлар бор ва улар у ерда даҳшатли нарсаларга дош беришлари керак. Мен, албатта, ҳукуматдан бу масалада биз, камбағалларга кўмак бериш учун чоралар кўришини сўрайман», дейди келган яна бир маҳбус қариндоши.
Эквадор ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида хавфсизлик тизимини такомиллаштириш учун қўшимча 24 миллион доллар ваъда қилган.