Электр таъминоти қачон узлуксиз бўлади, симёғочлар “ўзи туради”ган бўладими?
Сессия қарорини Кенгаш раислари, ҳокимлар ўз назоратига олади(ми?)
Паст Дарғом ҳамда Нуробод туманида маҳаллий Кенгаш депутатлари мутасаддиларга шу саволларга жавоб бериш талабини қўйди.
Қайд этиш лозимки, маҳаллий Кенгашларга электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ушбу масала парламент қуйи палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг ташаббуси билан киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Музаффара Абдиевалар томонидан ҳудудлардаги депутатлар ҳамкорлигида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида 2019, 2020, 2021 йилнинг 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганганди.
Мавжуд аҳволдан келиб чиқиб уни ўнглаш бўйича Энергетика вазирлигига депутатлик сўрови юборилди. Вазирликнинг жавоби, ҳудудий электр тармоқлар корхонаси берган маълумот учрашувлар ва ўрганишларда аниқланган маълумотлар билан фарқланиши депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди. Шу боис, ўрганиш натижалари маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибида муҳокама этилиб, мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланди.
Паст Дарғом туманида дастлаб электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Э.Мамасолиев ишларнинг аҳволи юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланишича, ўтган йили 39,6 километр узатиш тармоқлари реконструкция қилинган, 13 та трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, 891 та симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 119,7 километр узатиш тармоғи, 50 та трансформатор пункти, 3776 та бетон таянч ўрнатиш белгиланган.
Ҳудудда 25 йилдан ортиқ фойдаланишда бўлган трансформаторлар 161 та, 40 йилдан кўп бўлганлар 213 тани ташкил этади. Мавжуд 19 мингдан ортиқ симёғочдан 9 минг 781 таси авария ҳолатида.
- Энергетика вазирлигининг берган маълумотлар билан ҳақиқий ўрганилган далолатномалардаги рақамлар ўртасида фарқ бор, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Абдиева. – Айтайлик, вазирлик маълумотида 2019 йилда 917 та бетон таянч ўрнатилганлиги айтилса, амалда 706 та экан. 2020 йилда эса икки маълумотнома ўртасидаги фарқ 109 тани ташкил этганини қандай баҳолаш мумкин?
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар учун ажратилган маблағнинг қолган қисми қаерга сарфланган?
Вилоят электр тармоқлари корхонаси бош инженери А.Ражабов ҳамда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Э.Мамасолиевлар депутатлар томонидан берилган саволларга аниқлик киритиш, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан белгиланган аниқ режаларни баён қилиб, бир ой муддатда ҳақли саволларнинг амалий ижроси таъминланишига ваъда беришди.
Ушбу масала кўрилган халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашининг сессиясида вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов ва корхонанинг туман бўлими раҳбари Ж.Ҳамроевларнинг ҳисоботи тингланди. Сессия ишига ZООM дастури орқали Энергетика вазирлиги ҳам уланди.
Сессияда мазкур соҳада бажарилиши зарур бўлган вазифалар доирасида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда маҳаллалар кесимида эскирган ва таъмирталаб трансформаторлар, қўлбола, таъмирталаб симёғочлар хатлови бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси ижросини йўлга қўйиш, 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар дастур доирасида ўрнатилиши назарда тутилган таянч (симёғоч), электр сим ва трансформаторларни ўрнатилишини таъминлашга қарор қилинди.
Сессияда ОМҚП депутатлари Музаффара Абдиева ҳамда Шуҳрат Полвоновлар томонидан ўртага ташланган таклифлар, бажарилиши зарур бўлган вазифаларни амалга ошириш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Қарорлар ижроси таъминланиши устидан назоратни маҳаллий Кенгаш раислари ўз зиммасига олди.
Жамшид Норбобоев,
Миржалол Холиқов,
“Адолат” СДП вилоят Кенгашидаги ОМҚП депутати ижрочи котиблари.