Эммануэль Макрон: Яқин Шарқда терроризмга қарши кураш тугамаган
Бағдод ҳамкорлик ва шериклик конференцияси иштирокчилари якуний коммюникеда минтақавий низо ва келишмовчиликларни ҳал қилиш умумий хавфсизлик ва ўзаро манфаатларга асосланган коллектив ёндашувни талаб қилишини таъкидлашди.
Саммит доирасида муносабатлар нормаллашганидан бери биринчи марта Миср ва Қатар раҳбарлари Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Шайх Тамим бин Ҳамад Ал Соний музокаралар ўтказишди.
Франция президенти Эммануэль Макроннинг айтишича, Яқин Шарқда терроризмга қарши кураш тугамаган. "Қўшма Штатларнинг танловидан қатъи назар, Франция токи мамлакат расмийлари биздан буни сўрар ва террорчилик гуруҳлари фаолият юритар экан, Ироқда терроризмга қарши курашда ҳарбийлар иштирокини сақлаб қолади", деди Макрон.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амиром-Абдуллоҳиён АҚШ Бағдодда генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишида жавобгарликдан қочмаслигини айтди. "Америкаликлар ҳаракатлари минтақада яшовчи халқларга тинчлик ва хавфсизлик олиб келмаяпти. Аксинча, улар ишончсизликнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Ва, бу муаммо минтақанинг кўплаб мамлакатларида кузатилмоқда", дея таъкидлади у.
Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий Бағдод конференциясини очар экан, мамлакат ҳудудини халқаро ва минтақавий зиддиятлар учун саҳна сифатида ишлатилишига йўл қўймаслигини ваъда қилди.