Энди адвокатлар қўшимча қиймат солиғи тўламайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ҳужжатга кўра, Солиқ кодексининг 70-бобини (Адвокатлар ҳайъатларига, адвокатлик фирмаларига, адвокатлик бюроларига ва адвокатларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари) чиқариб ташлаш йўли билан адвокатлик тузилмаларини қўшимча қиймат солиғи тўловчиларига айлантириш назарда тутилган.
Депутатлар адвокатларнинг ҚҚС тўловчиларига айланиши улар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдамнинг қиймати оширилишига, фуқаролар ва юридик шахсларнинг малакали юридик ёрдамни олиш имконияти пасайишига сабаб бўлишини таъкидлади.
Халқ вакиллари қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар адвокатлар фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтиб, уни чиқариб ташлаш таклифини илгари суришди.
Қуйи палатада узоқ давом этган тортишувлар, савол-жавоблар ва баҳс-мунозаралардан сўнг, депутатлар таклифи билан Солиқ кодексининг 70-боби чиқариб ташланмайдиган бўлди.