Энди Булунғур тумани ҳокимининг яна уч оиласи бор

Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳрамов бугун Мингчинор ва Булунғур маҳаллаларида уйма-уй юриб, аҳолининг яшаш тарзи билан танишди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, хонадонларга кириш чоғида оила аъзоларининг айни пайтда нима билан машғуллиги, томорқадан самарали фойдаланишига эътибор қаратилди. Аҳоли билан суҳбат давомида уларнинг қайси фаолияти билан шуғулланишга иштиёқи борлиги, қандай ёрдам кўрсатилса, келгусида ўз шароитини ўзлари эплаб кетиши мумкинлигини ўрганилди.

Ўрганиш давомида ҳоким икки маҳалладаги уч оилани ўз қарамоғига олди. Бу оилаларга кўрсатилиши лозим бўлган ёрдам тури, давомийлиги аниқ белгилаб олинди. Уларнинг ижтимоий қийин вазиятдан чиқиб кетиши учун туман ҳокими томонидан зарур ёрдам кўрсатилади.