Энди ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун 100 туп кўчат экилиб, уч йил парваришланади
Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳаси билан юридик ва жисмоний шахсларга:
— рухсатнома асосида кесилган ҳар бир дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш;
— ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ва буталар учун компенсация тарзида қўшимча 100 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш бўйича қўшимча мажбуриятлар юклатилади.
Дарахт ва буталарни компенсация тарзида экиш юридик ва жисмоний шахсларни дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома берилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириладиган йиғимни ёки уларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки кўчириб ўтказганлик учун маъмурий жарималарни тўлашдан озод қилмайди.
Компенсациявий экиш жойлари қоида тариқасида ҳудудларда ташкил этилган “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”, шунингдек, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган бошқа ҳудудлардан танланади.
Шунингдек, туман ва шаҳар марказларида архитектура ва ландшафт-дизайн талаблари асосида шаҳарга кўрк берувчи манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкил этилади.