Энг баланд бўйли одамлар қаерда яшайди? Паст бўйлилар-чи?
Замонавий дунёда бир-биридан терисининг ранги, кўз шакли ва албатта, бўйи билан фарқ қиладиган 5 мингдан ортиқ турли миллат ва элатлар бор. Масалан, руслар айниқса тайлар (Таиланд яшовчиси) билан солиштирганда жуда баланд бўйли халқ. Аммо тайлар том маънода аҳолисининг ўртача бўйи бир ярим метрдан ошмайдиган Мадагаскар аҳолисига “паст назар” билан қарашади.
Антрополог мутахассислар турли хил халқларни ўрганаётиб, қизиқарли хулосага келишди: мамлакат қанчалик қашшоқ бўлса, аҳолисининг бўйи шунчалик паст бўлар экан. Бу мавзу бўйича инглиз олимлари NCD «Risk Factor Collaboration» илмий ҳамжамияти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда тадқиқот ўтказишди. Мутахассислар бир неча ўндан ортиқ мамлакатлар аҳолиси параметрларини ўрганиб, энг баланд ва энг паст бўйли одамлар қаерда яшашини аниқладилар.
Шундай қилиб, тадқиқотлар дунёдаги энг баланд бўйли эркаклар Шарқий Европада яшашини кўрсатди. Масалан, Латвиядаги эркакларнинг ўртача бўйи 181,4, аёллар бўйи эса 169 сантиметр экан. Эстония ҳам ўзининг қўшнисидан унчалик узоққа бормади: бу ерда эркаклар ўртача 181, аёллар 168 сантиметр бўйга тенг.
Скандинавияликлар ҳам ўз қад-қомати билан мақтанса бўлади, масалан, норвегиялик эркак ўртача 179,7, аёллар эса 165,6 сантиметргача ўсади. Финландиядаги сурат ҳам тахминан шундай.
Тадқиқот энг баланд одамлар, шунингдек, Россия, Шимолий Америка ва Австралия аҳолиси эканлигини кўрсатди (эркаклар 177-179 см, аёллар 163-165 см).
Бироқ, Жанубий Суданда яшовчи “Динка” номли нилот халқи барчани ортда қолдирди. Бу халқ нафақат Африкада, балки бутун дунёда энг баланд бўй ҳисобланади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Динка эркакларининг ўртача бўйи 185-190, аёллар бўйи эса 175-180 сантиметрга етар экан.
Мутахассислар Динканинг қоматрасолик сири рационидаги қаймоғи олинмаган сут ва табиий маҳсулотлар истеъмоли деб таъкидламоқда. Бунда парҳез ҳам катта роль ўйнаган бўлиши мумкин, бироқ генетикани енгиб бўлмайди. Эътиборлиси, табиий маҳсулотлар ва соғлом овқатланишга риоя қиладиган бошқа қабиладаги унчалик баланд бўлмаган бўйи ҳам генетика фойдасига “тош” босди.
Қизиқарли факт: бир вақтлар “Miami Heat”, “Golden State Warriors” ва “Washington Bullets” баскетбол клубларида ўйнаган НБА тарихидаги энг узун бўйли ўйинчи Мануте Бол ҳам Динка халқининг вакили бўлган. Унинг бўйи 231 см!
Медалнинг иккинчи томони бор, деганларидек, сайёрамизда энг паст бўйли аҳоли яшайдиган бурчаклар ҳам бор. Африканинг марказий қисмида пигмейларга мансуб “Тва” қабиласи яшайди. Очиғи, уларнинг вакиллари терисининг қора ранги, дарахтларга тез чиқа олиши ва жуда кичик бўйи билан (атиги 140 см.) одамлардан кўра кўпроқ маймунларга ўхшайди. “Тва” номининг ўзи эса юнон тилидан “муштаккина одам” деб таржима қилинади.
Генетик тадқиқотчи, “Генотек” тиббий-генетик лойиҳаси асосчиси Валерий Ильинский ўсиш феноменини шундай изоҳлади: “Муайян одамларнинг бўйи яшаш шароитларига боғлиқ эмас, бу кўп жиҳатдан генетикага боғлиқ. Бунга Динка ва пигмейлар каби иккита Африка халқи ёрқин мисол бўла олади. Улар бир хил шароитда яшаса-да, бирининг бўйи жуда баланд, иккинчиси эса жуда паст. Мен маълум бир мамлакатда аҳолининг бўйи ва турмуш даражаси ўртасида тасдиқланган ўзаро боғлиқликни кўрмадим”.
Бироқ, антрополия мутахассиси Игорь Вишев бироз бошқача фикрда. У “Мамлакат қанчалик ривожланган бўлса, у ерда шунчалик баланд бўйли одамлар яшайди. Масалан, Скандинавия ёки Норвегияни олайлик, мамлакатларнинг ўзи яхши ривожланган. Одамлар яхши овқатланиш, яхши жисмоний ривожланиш, юқори ўсишга эга. Иқлим ҳам жуда муҳим: шимолликлар жанубликларга қараганда баландроқ”, дейди у.
Нима деб ўйлайсиз, инсоннинг бўйи унинг яшаш жойига боғлиқми?
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.