“Энг улуғ, энг азиз” танловида қатнашинг!
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, вилоят телерадиокомпанияси мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловининг вилоят босқичини эълон қилади.
Танловга “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига мувофиқ яратилган, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни ҳаётий мисоллар орқали очиб берувчи ижодий асарлар қабул қилинади.
Шунингдек, танловга қабул қилинган материалларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз!” давлат дастурларининг ижроси, мазмун-моҳияти ва тарғиботи акс этганига алоҳида эътибор қаратилади.
“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари қуйидаги номинациялар бўйича мукофотланадилар:
– вилоятдаги ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари;
– босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари;
– оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари;
– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;
– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари;
– санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари.
Ҳар бир номинация бўйича учтадан ўрин ажратилади.
Танловга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
– муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;
– муаллифнинг фуқаролик паспорти нусхаси;
– танловга тавсиянома (иш жойи, меҳнат жамоаси, устозлари номидан);
– муаллиф манзили ва боғланиш телефонлари.
Танловга 2020 йилнинг 15 августидан 2021 йилнинг 15 августигача бўлган даврда расман чоп этилган адабий-бадиий асарлар, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телевидение каналларида эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ишлари ва фото асарлар жорий йилнинг 24 августигача қабул қилинади.
Танлов ғолиблари Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига бағишланган тадбирлар доирасида аниқланиб, 27 август куни қимматбаҳо совғалар ва диплом билан мукофотланади.
Танловга қатнашиш учун буюртмалар электрон ва босма шаклда ижодий уюшмалардан, ОАВ жамоаларидан, соҳалар бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлардан, шунингдек, мустақил ижодкорлардан қабул қилинади.
Коронавирус пандемияси сабабли карантин қоидаларидан келиб чиқиб, танловга юбориладиган ижодий ишлар электрон ҳамда босма шаклда +99897-915-23-32, +99893-339-99-84 рақамли телеграм ҳамда Самарқанд шаҳри Улуғ Турсунов 80-уй, вилоят Матбуот уйи жойлашган манзил орқали қабул қилиниши йўлга қўйилган.
Ташкилий қўмита.