Энг хавфли душман – собиқ дўстингиз
Бугун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов 78 ёшини қаршилади. М.Ҳазратқулов 1947 йил 1 февралда Ургут туманида туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигида фаолият юритган. Айни пайтда “Гулистон” журналида бош муҳаррир вазифасида меҳнат қилмоқда.
М.Ҳазратқуловнинг “Оқ қуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Кўккўл”, “Дийдор”, “Севги сози” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари чоп этилган.
“Меҳнат шуҳрати” ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.
Қуйида ёзувчининг ён дафтаридан олинган ҳаётий қайдларни ўқийсиз.
***
* Ўтмишга лоқайд қараган одам келажакка ҳам эътиборсиз бўлади.
* Ёмғир – осмоннинг кўз ёшлари.
* Сенинг кўзларингга термулсам, бутун олам гўзал кўринади.
* Ортиқча камтарлик – манманликнинг бир кўриниши.
* Ҳеч бир хайрли ишни эртага қиламан, деб орқага сурманг. Эртагача ким бору, ким йўқ.
* Энг хавфли душман – собиқ дўстингиз.
* Ўтмишингни унут, дейишади. Бунинг иложи бормикан?..
* Ҳар бир инсоннинг ўтмиши ўзи учун ўхшаши йўқ бир мактаб. Бу мактабда олган сабоқдан фойдаланиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди: кимнингдир умри етмайди, кимнингдир ақли...
* Журналистлар кўпинча ҳаётингизни бошқаттан бошлаш имконияти бўлганда яна шу йўлни танлармидингиз, деган савол беришади.
Имкони йўқ нарса ҳақида гапиришдан қандай фойда бор? Вақт беҳуда сарф бўлади, холос
* Инсон учун берилган энг буюк неъмат, менингча, вақт, яъни, умр. Афсуски, энг кўп беҳуда совурадиганимиз ҳам вақт. Умримизнинг қанчасини бекордан-бекорга ўтказамиз – ҳавога совурамиз. Лоақал бир ҳафтамизни, бир ойимизни таҳлил қилиб кўрайлик. Умримизни шу бир ҳафтаси, бир ойининг неча фоизи бекор кетибди. Чуқурроқ ўйласак, юрагимиз увишади. Эссиз, вақт... эссиз, умр...