“Энг яхши лойиҳалар” Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилмоқда
- Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Уларнинг ижросига киришилганми?
Жорий йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан Ермачит маҳалласиги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун 388,9 миллион, Ўрикзор маҳалласидаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун 177,5 миллион, Кўҳнадам маҳалласидаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун 400,7 миллион сўм ажратилди.
Шунингдек, 2-умумий ўрта таълим мактаби кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган таянч мактабга мослаштирилди. Бунда муассасани таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 2500 миллион сўм сарфланди.
Бундан ташқари, 2500 миллион сўм маблағ асосида 14-умумий ўрта таълим мактаби метематикани чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабига мослаштириб таъмирланди ва жиҳозланди.
Ғарибмачит маҳалласидаги 12-мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинди. Ингичка қўрғончасида янги болалар мусиқа ва санъат мактаби қуриляпти. Шунингдек, Яккабоғ, Ғарибмачит, Навбаҳор кичик турдаги бозор инфратузилма объектлари барпо этиляпти. Йўл-коммуникация тизимини яхшилаш бўйича Ингичка қўрғонидаги ички йўллар ва Ингичка-Каттақўрғон шаҳар йўли жорий таъмирланмоқда.
Ермачит маҳалласида 750 миллион сўмлик янги сув иншооти қуриш, Қўшҳовуз маҳалласида мавжуд сув қудуғини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
- Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
Сайлов округимдаги 16 та маҳаллада 10 минг 141 хонадон мавжуд. Қарийб 44 минг 601 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Улар билан учрашувларда 69 та мурожаатлар рўйхатга олинган.
Мурожаатларнинг 24 таси иш билан таъминлаш, 14 таси йўл қуриш, 10 таси уй-жой, 4 таси сув, яна шунча электр энергияси ва тикув машинаси олиб бериш, 2 таси оилавий келишмовчилик, 1 та туғилганлик тўғрисидаги маълумот олиш, 3 та алимент, 2 та дори-дармон, 1 та кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам бериш тўғрисида бўлган.
Мурожаатларнинг барчаси қонун доирасида қаноатлантирилмоқда.
Охирги марта Ўрикзор ва Қўшҳовуз маҳаллаларида шаҳар Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда “Аёл – сабр ва матонат тимсоли” мавзусида давра суҳбати уюштирилди.
- Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Жорий йилнинг ўтган даврида 12 та депутатлик сўрови юборганман. Охирги депутатлик сўровим таълим муассасаларига юборилган. У ўқувчи-ёшларнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва бу борадаги таклифлар тўғрисида эди.
Аввалроқ шаҳар “Сувоқова” корхонасига Зарифобод маҳалласида фуқаролар томонидан билдирилган канализация ўтказиш тўғрисидаги сўровномани юборганман. Бу иш 2021 йил дастурга киритилганлиги ҳақида жавоб олдим.
Замира ИСАНОВА,
33-Сарой сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати.