Энг яхши ният
Ватан ҳимоячилари шарафига бағишланади
“Ватан асли остонадан -
Бошланади” дейдилар.
Ватан нима?
У бир қўрғон -
Бошпанадир, дейдилар.
Унинг ҳар бир хизматига
Шай турмоқлик - бурчимиз.
Ҳимояга берилгандир
Билакдаги кучимиз.
Сиз дунёга назар ташланг
Нигоҳлари саволлар.
Бунда қанча ғалаёнлар,
Қанча умри заволлар!
Одамлар бор ҳали бир бор -
Тинчлик таъмин тотмаган.
Гўдагини эркалатиб,
Осойишта ётмаган.
Минг бир хатар-хавотирда
Ўтиб борар кунлари.
Эс таниган боласининг –
Қуролдадир қўллари.
Кўрмоқ эмас, ҳатто хаёл
Қилмоқ қийин бу ҳолни -
Ногаҳонда япроғига
Қон сачраган ниҳолни...
Минг шукурки, бизлар озод,
Турмушимиз фаровон.
Мусаффодир осмонимиз,
Қуёшимиз чароғон.
Бунда ҳар кун тўй-тантана,
Ўйин-кулги, яллалар.
Фарзандларнинг камолидан
Каломланган аллалар.
Тинчлигинг ўз қўлингдадир -
Ҳумо қушдай таранган.
Дунёдаги бор эзгулик -
Инсон учун яралган!
“Олисдаги буғдойлар”дан
Ҳатто ҳовуч тўлолмас.
Огоҳ бўлсак, ҳушёр турсак,
Ғаламислар йўлолмас.
Бизга буткул ёт ғоялар -
Ётлигича қолгайдир.
Зоти улуғ инсон асл -
Зотлигича қолгайдир.
Шу ватаннинг тинчлигини,
Ҳурлигини сақлайлик.
Меҳр – фазилатлар ичра –
Дурлигини сақлайлик!
Тол хивичдан той ясаган
Болажонлар бор бўлсин!
Катта бўлсин ва қалбида -
Ватан бўлсин, ор бўлсин!
Дуо қилсин отахонлар,
Алқасин ҳар онажон.
Кўз тегмасин.
Пойдор бўлсин -
Ўзбекистон жонажон!
Ориф ТЎХТАШ.