Кўнгилнинг қоронғи кўчалари

- Асрор ака, иссиққина кулча билан чой дамлаб келдим, совимасдан нонушта қилиб олинг, - Сайёра қўлидаги патнисни бошлиқнинг ён томонидаги стол устига қўйди.

- Раҳмат, Сайёрахон! Бундан кейин овора бўлманг, зарурат бўлса, ўзим айтаман.

Асрор Самадович "Тушунарлими?", дегандай унга қаради.

- Ҳа, энди, иш билан овора бўлиб, бундоқ бир зум тин олишни ҳам унутманг дейман-да, - Сайёра ноз-карашма билан жилмайиб, Асрорга эркаланди.

Асрор Самадович бошлиқ бўлиб келгач, катта лаборант Сайёра жамоада алоҳида мавқега эга эканлигини дарҳол сезди. Ходимлар сўққабош бу жувондан ҳадиксирашар, бошлиққа гап етказмасин, деб иложи борича ундан нарироқ юришга ҳаракат қилишарди. Асрор Самадович ўзидан олдинги бошлиқ нега ишдан олингани, жамоада маънавий муҳит нега бузилгани ҳақида эшитганди. Сайёранинг ўзига мулозаматини кўриб, нега бундай бўлганини тушунди. У жувоннинг ўзига тикилиб турган кўзларига қараб ғаши келди.

- Нега туриб қолдингиз, бораверинг дедимку!

- Кечиринг, - Сайёра сочларини тузатган бўлиб, ишва билан чиқиб кетди.

Асрор Самадовичнинг кўз олдига боғчага қатнайдиган ўғилчаси, иккинчи синфда ўқийдиган жингалаксоч, шўх қизалоғи, меҳрибон, интизор кутадиган, шаҳло кўзлари бахтиёрликдан чақнаб, табассум билан ишга кузатиб қўядиган умр йўлдоши келди. Беихтиёр уларга бўлган соғинч ҳисси юрагини ўртади.

Сайёранинг хушомади кучайиб, янги бошлиқни ҳам ўз измига солишга интилиши Асрорни ҳушёр торттирди. Жувоннинг уялмасдан жамоа олдида намойишкорона ишваси Асрор Самадовични ўйлантириб қўйди.

Узил-кесил бир қарорга келмаса бўлмайди. Миш-мишлар болалаб, рафиқаси Наргизанинг қулоғига етиб борса, оиласи бузилиб кетиши аниқ.

Бугун у ойлик ҳисоботлар билан танишиш учун бироз ушланиб қолди. Тин олиш учун дераза ёнига келди. Ғира-шира қоронғулик туша бошлабди. Шу пайт эшик очилиб, Сайёра кириб келди.

- Иссиққина чой дамлаб келдим, бугун кўп ишлаб юбордингиз, - деди меҳрибонлик билан. Унинг кўзлари хумор билан боқар, кўксига ёйилиб тушган сочларидан хушбўй атир ҳиди анқирди.

- Сиз ҳали кетмадингизми? - Асрор ажабланиб соатига қаради. - Иш тугаганига икки соат бўлибди-ку!

- Сизни ёлғиз қолдириб кетаманми, ахир ўнг қўлингиз - катта лаборантман. Асрор зимдан унга тикилди: “Бунча чиройли”?

- Менга қаранг, - деди у дераза ёнидан ўрнига қайтар экан. - Кечирасиз, айбга буюрмайсиз, нега оилангиз билан ажрашгансиз?

Биринчиси хиёнат қиляпсан, деб рашк қиларди, ҳайдаб юборди. Иккинчиси ғирт сўтак эди, ичишдан бош кўтармасди. Рўзғорда қўлга илинадиган буюм борки, сотиб ичди, ҳатто тилла тақинчоқларимни ҳам ўғирлаб, сотиб ичди… Ўзим ташлаб кетдим. Мана, эркин қушман!

- Шунақа денг, - Асрор унга тикилди. - Олдинги ишингиздан нега ҳайдалгансиз?

- Ҳайдашмаган, ёқмагани учун ўзим кетганман, - деди Сайёра қизариб.

“Бу енгилтаклиги, сохта ноз-карашмаси, ҳийла-найранглари билан қанча эркакларни йўлдан уриб, оилаларидан бездирмади экан?”. Асрор жиддий тортди.

- Асрор ака, сизни кўрдим-у, ақл-ҳушимдан ажралай деяпман, пайти келиб яна бирор эркакни севиб қоламан, деб ўйламагандим. Нега бунча бепарвосиз? Нега бунча тошбағирсиз? Кўрмаяпсизми? - Сайёра энтикиб, Асрорнинг қучоғига отилишдан ўзини зўрға тийиб турарди.

- Тўхтанг! Ўтиринг, ўзингиз босинг! Мен сиз ўйлаган одам эмасман. Оилам, болаларим бор. Сизни тушунаман, ҳаётда омадингиз келмабди, муҳокама қилмоқчи эмасман. Маслаҳатим, ўзингизга бошқа иш топинг, ёшсиз, гўзалсиз, ақлингизни йиғинг, ҳали ҳаётингиз изга тушиб кетади. Мана, қоғоз-ручка, ўз хоҳишингиз билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзинг!

- Нима? Асрор ака…

- Ёз! - Асрор жаҳл билан сенлашга ўтди.

- Нега? Айбим нима? - Сайёра ҳўнграб йиғлаб юборди. “Ҳамма эркак бир гўр, қармоқ ташласанг, лаққа илинади”, деб у хато ўйлаган эди. Ариза ёзиб, Асрорга узатди. Асрор унинг қўлидаги аризани юлқиб олди.

- Энди тур, йўқол!

Тоғаймурод Шомуродов.