Ер – хазина, ер – насиба

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ қисми нафақат соҳа раҳбарлари, балки деҳқонлар, қайта ишловчиларга ҳам ўз фаолиятига ижодий ёндашишни талаб этади. Айниқса, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасидан воз кечилаётган бир пайтда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни ўрганишимиз зарур.

Бу борада деҳқонларга давлатнинг молиявий ёрдам бераётгани жуда муҳим. Мисол учун, бу йил 2 миллион долларлик, кейинги 5-7 йилда эса 3-4 баравар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Бу соҳада тўлиқ кластер тизими яратилади, «Кооперация ва кластерлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинади.

Мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агрологистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари учун бир йилда давлат 3 триллион сўм маблағ ажратяпти. Сувни тежаш технологияларини жорий этиш учун эса 300 миллиард сўм субсидия берилади.

Мутахассис сифатида айтаманки, бу ёрдам деҳқонлар учун жуда катта мадад. Бу имкониятдан оқилона фойдаланиш зарур. Муҳими, соҳа ходимлари масъулияти ва малакасини ошириш, замонавий кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, жаҳоннинг тармоқдаги энг илғор компаниялари билан ҳамкорликни ўрнатиш керак.

Жумладан, биз кейинги икки йилда маҳсулот экспортини 30 фоизга оширдик. 33 хилдаги қайта ишланган, қадоқланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россия, Ҳиндистон, Хитой ва қўшни давлатларга экспорт қиляпмиз. Бундан ташқари, боғдорчилик ассоциацияси туздик. Ассоциацияда АҚШдан мутахассис чақириб, соҳада катта тажриба орттирган 50 нафар деҳқон замонавий кластер тизими ва технологик жараёнларни ўзлаштириш учун ўқитилди. Улар ўрганганлари асосида ҳозирда жойларда боғбонларга тушунчалар беряпти.

Шавкат ЖАЛОЛОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Agromir group” директорлар ассоциацияси кенгаши раиси.