Ер юзида яшовчи 3000 яшар келгинди маҳаллий журналистга интервью берди

Бу воқеа 1997 йилда Американинг уфология журналига бир аёлдан унинг таниши ўзга сайёралик эканлиги ҳақида хабар берганида бошланган эди.

“Бундан ташқари, у 3000 ёшда ва инсон танасидан “маскировка кийими” сифатида фойдаланиб келмоқда. Бу ўзга сайёралик жуда самимий ва у катта интервью беришга тайёр”, деди аёл.

Табиийки, журнал муҳаррири бундай имкониятни қўлдан бой беришни истамади ва келгинди суҳбатга таклиф қилинди.

Ўзини «Космик меҳмон» деган одам ўзи ҳақида шундай деган:

«Менинг Ердаги исмим Южин, ҳақиқий исмим эса Шимикус Этуа. Ерга жуда узоқда жойлашган Шимолий Юлдуздаги ўзим туғилган улкан кемадан учиб келдим.

Ёшим сизни ҳайратга қолдириши табиий, чунки мен 3000 ёшдаман. Инсон бундай нарсани тасаввур қила олиши қийин, буни тушунаман, бироқ танамизнинг ички тузилиши сизларникидан сезиларли даражада фарқ қилиши сабабли бизнинг ирқимиз минглаб йиллар давомида осонгина яшаши мумкин.

Илгарилари менинг халқим ниҳоятда тажовузкор эди. Шу сабабли сайёрамиз яқинида яшовчи бошқа турлар билан доимий равишда тўқнашувлар содир бўлиб турган. Лекин вақт ўтиши билан биз барча нарсага фақат яратувчанлик орқали мукаммалликка эришиш мумкинлигини англадик ва энди бу қоидани бошқа турларга, жумладан, одамларга ҳам ўргатмоқчимиз».

Инсониятнинг яшаш тарзи тўғрисида:

“Инсоният экологияни бузяпти, ўзи яшаётган дунёни вайрон қиляпти ва умуман маънавий ривожланишга интилмаяпти. Агар сизлар дунёга муносабатингизни ўзгартирмасангиз, унда ўзингизни ўзингиз нобуд қиласиз.

Шунга қарамай, ер юзида содир бўлаётган воқеаларнинг жиддийлигини тушунадиган ва биз билан яқин алоқада бўлган одамлар ҳам бор. Уларнинг баъзилари одамларга ўхшаб кўринишимиз учун бизга ўз ниқобларини беришган.

Бугунги кунда Ер юзида туримизнинг тахминан ўн минг вакили яшайди. Барчамизнинг ягона мақсадимиз – сизни ақл билан иш қилишга ўргатиш, фақат шу тарзда сиз ўзингизни қутқара оласиз. Кўпчилигимиз йирик давлат ташкилотларида ишлаймиз, шунинг учун бизга муайян муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш учун маълум миқдорда ваколатлар берилган”.

Ҳақиқатан ҳам катта тошқин бўлиб ўтганми? Нуҳ кемаси ва ҳоказолар... (сўради журналист).

“Ҳа, буларнинг барчаси ҳақиқат. Тошқин сиз “қолоқ” деб атайдиган кишилар туфайли вужудга келган. Биз улар билан ерда ҳам, космосда ҳам узоқ йиллар давомида курашиб келдик. Аслида нималиги тушунилмаган “Космик қурол”дан фойдаланиш натижасида ер юзида музликлар эрий бошлаб, тошқинга олиб келди.

Нуҳ кемасига келсак, у унда бутун ҳаёт ДНКси сақланиб қолинган ва кейинчалик генетик муҳандислик ёрдамида қайта яратиш учун жойлаштирилган улкан космик кема бўлган.

Афсуски, биз барча мавжудот ва ўсимликлар намунасини йиғишга улгурмадик. Шунинг учун бугунги кунда палеонтологлар ҳозирда ер юзидаги камдан-кам тош қолдиқларни топмоқдалар.

Инсоният биздан қўрқмаслиги керак, биз сизларни фақат диққат билан кузатиб келяпмиз ва сизни тўғри йўлга бошлаймиз”.

Шимикус Этуа номли келгинди журналистга ана шундай интервью берди. Бу ўзга сайёраликнинг "ваҳий"ларига ишониш-ишонмаслик эса ўзингизга ҳавола.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.