Эрдан аёли ҳақида сўралади, масъулиятни унутманг!
Эркак кишига аёлини Аллоҳ таоло унга вожиб қилган ишларни бажаришга ва унга ҳаром қилган ишлардан тийилишга буюриши зиммасидаги бурч саналади.
Қўполлик қилманг, гўзал динимизни ёмон кўрсатиб қўйманг. Тадбирли бўлинг. Эр хотинининг қилган ишларида масъулиятли ҳисобланади. Аллоҳ таоло эрга аёлига раҳбарлик ҳаққини берган. Ана шу раҳбарликнинг бир кўриниши аёлини фарзларни адо қилишга ва ҳаром нарсалардан четда бўлишга ундашидир.
Аллоҳ таоло "Нисо" сурасининг 34-оятида шундай деган: "Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар".
Аёлини шариатда ҳаром бўлган ишни қилишига "Ўзи шуни хоҳлаяпти", деб уни бу ишдан шаръий барча йўллар билан қайтармай ва насиҳат қилмай ташлаб қўйиши уни гуноҳ, масъулиятидан фориғ қилмайди. Шунга биноан эр аёлини Аллоҳ буюрган ишларга, шу жумладан узун либос кийишга буюришлиги зиммасидаги вожиби бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Огоҳ бўлинглар, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз... Эркак ўзи аҳли байтига масъулдир ва улар ҳақида сўралур", деганлар.
"Зикр аҳлидан сўрaнг" ҳайъати.