Эркин Аъзам: "Ҳеч қандай техника, технология ёрдамида инсоннинг тафаккурини бойитиб, дунёқарашини кенгайтириб бўлмайди!"
Самарқанд давлат университетида бугунги адабий жараён ва Самарқанд ижодий муҳити анъаналарига бағишланган ижодий учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов ҳамда самарқандлик ижодкорлар, адабиётшунос олимлар ва университет талаба ёшлари иштирок этди.
Учрашувда Самарқанд ижодий муҳити ва бу ерда камол топган ижодкорлар, уларнинг мамлакатимиз адабий жараёнидаги ўрни ва таъсири, бугун етишиб келаётган ёшлар ижоди ҳақида сўз юритилди. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан фикрлар билдирилди.
– Бизнинг энг катта бойлигимиз – адабиётимиз, ижодимиз. Шу орқали халқимизга хизмат қиламиз, китобхонлар қалбига эзгу ғояларни сингдиришга интиламиз, – деди ёзувчи Эркин Аъзам. – Адабиётнинг қудрати ҳам шунда. Тўғри, бугун замонавий ахборот технологиялари ривожланди, кенг оммалашди. Ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари кенгайди, осонлашди. Аммо ҳеч қандай техника, технология ёрдамида инсоннинг тафаккурини бойитиб, дунёқарашини кенгайтириб бўлмайди. Бу фикрлаш орқали, ўқиш, уқиш орқали амалга ошади. Буни эса адабиёт бажаради. Китоб у қоғоз ҳолида бўладими, электрон шаклдами ижод маҳсули, фикрлар, қарашларнинг қаймоғи. Бадиий асар орқали одамларни тарбиялаш, тўғри йўлга бошлаш, ҳеч бўлмаганда ён-атрофидаги воқеа-ҳодисалардан хулоса қилиб, ўз йўлини топишга ундаш мумкин. Адабий жараён шуниси билан характерли, шуниси билан муҳим.
– Самарқанд замини тарихий улуғворлиги ва буюк алломаларга бешик бўлгани билан ижодкорларга ўзгача илҳом бағишлайди, – деди шоир Усмон Азим. – Ҳар гал бу ерга келганимда кўнглимда янги асарлар учун ғоялар туғилади. Кейинги йилларда вилоят ёшлари орасидан адабиёт оламида илдам қадамлар билан кириб бораётган йигит-қизларнинг ижодини кузатиб, қувонаман. Уларнинг шеърларидаги ташбеҳлар, топилмалар оригинал, кишини ўйлантиради, ҳайратга солади.
Учрашувда Ургутда туғилиб ўсган ва пойтахтда турли масъул вазифаларда ишлаган таниқли журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг ижоди, кейинги йилларда чоп этилган китоблари ҳақида ҳам сўз юритилди. Усмон Азим томонидан ўқилган шеърлар, Эркин Аъзам асарларидан келтирилган иқтибослар иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Х.Бобомуродова, Ф.Тошев, адабиётшунос олим Ҳ.Умуров ва бошқалар элимиз ардоғидаги ижодкорларга миннатдорлик билдирди. Талабалар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига меҳмонлардан жавоб олди.
Пойтахтдан келган шоир ва ёзувчилар куннинг иккинчи ярмида Жомбой тумани аҳолиси ва ёш ижодкорлари билан ижодий учрашув ўтказди.