Қозоғистонлик бир гуруҳ журналистлар Самарқандга келди

Ушбу мамлакатнинг Туркистон вилоятида 2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилса, уларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил этади. Шу боис бу ерда кейинги йилларда "Жанубий Қозоғистон", "Чимкент овози", "Жамият ва маърифат", "Жануб жарчилари", "Диёр ахбороти", "Мактабдош", "Робита" каби ўзбек тилидаги газеталар чоп этиб келинган.
Улар орасида "Жанубий Қозоғистон" газетаси алоҳида ўринга эга. Туркистон вилоятининг бош нашри ҳисобланган мазкур газета Қозоғистон мустақилликка эришган йил - 1991 йилдан чоп этиб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу нашр 11 минг 400 нусхада босилиб, вилоятнинг битта шаҳар ва еттита туманига тарқатилмоқда.
"Жанубий Қозоғистон" газетаси жамоаси дастлаб Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлар, табаррук қадамжолар ҳамда кейинги йилларда кўҳна кентда бунёд этилган иншоотларни томоша қилди. Сўнгра вилоят Матбуот уйида бўлиб, Самарқанд матбуоти, унинг тарихи, вилоят газеталари фаолияти, тажрибаси билан танишди. "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев уларга вилоят матбуоти билан боғлиқ тарихий ва бугунги ўзгаришларни гапириб берди.
- Самарқанд нафақат ўзининг тарихий обидалари ва зиёратгоҳлари, балки журналистикасининг тарихийлиги билан ҳам аҳамиятли, - дейди "Жанубий Қозоғистон" газетаси бош муҳаррири Райимжон Алибоев. – Вилоят матбуот музейида Самарқанд журналистикасининг тарихи, ривожланиш босқичлари, 100 йил олдин фойдаланилган фотоаппаратдан тортиб, қаламдонларгача сақлангани бу соҳага қаратилган юксак эътибор намунасидир. Очиғи, бундан 10 йилча аввал ҳамкасбларимиз "Зарафшон" газетасининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, Туркистонга "Биз "Зарафшон"данмиз" деб номланган китобни олиб боришганди. Унда Маҳмудхўжа Беҳбудийдан тортиб, мустақиллик йилларида газета муҳаррири бўлган Марди Нуриддиновгача ижодий фаолият юритган журналистларнинг мақолаларини ўқиб, ундан завқ ва албатта, тажриба олганмиз. Китобда чоп этилган ўткир фикрли мақолаларни газетамиз саҳифаларида ҳам чоп этганмиз.
Меҳмонлар «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими фаолияти, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ўзаро тажриба алмашди.
Шу йилнинг 1 майидан Қозоғистон авиакомпанияси томонидан Самарқанд ва Туркистон шаҳарларида мунтазам авиақатновлар бошланиши, бунинг натижасида ҳудудлар ўртасидаги нафақат иқтисодий алоқалар ёки туризм соҳасини ривожлантириш, балки матбуот йўналиши ва ижодий ҳамкорлик қилишда ҳам улкан имкониятлар яратилиши эътироф этилди.