Пахтачида ижодкор билан ижодий учрашув ўтказилди
Халқимиз азалдан ижодкорларни эъзозлаб келган. Уларнинг ижод маҳсулларини қалб қўрида ардоқлаб, авайлашга ҳаракат қилган. Қалблардан чуқур жой эгаллаган ўлмас сатрлар эса тилдан тилга кўчиб, халқнинг ижодий дурдонасига айланган.
Пахтачи туманидаги Нурафшон маҳалласида ёзувчи ва шоир Фармон Тошев билан ўтказилган бадиий учрашув ўзига хос тарзда шеърхонлик тадбирлари билан бошланди. Дастлаб, ижодкорнинг тўртта китобдан иборат “Сайланма”сидан жой олган шеърлари иштирокчилар нигоҳида қувонч ва ҳаяжонни акс эттириб, зўр олқиш билан тингланди. Сўнгра тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ҳамда Нурафшон, Ободон ва Мирза Салимий номли маҳаллаларда яшовчилар Ф.Тошев ҳикоя ва қиссаларини севиб мутолаа қилишларини айтиб, шеърларидан намуналар ўқишди.
Учрашув сўнгида Фармон Тошев ижодий учрашувда фаол бўлганлар ва 13-мактаб кутубхонасига ўзининг бадиий китобларидан туҳфа қилди. Мазкур тадбир ва унда кечган ижодий муҳит барча йиғилганлар қалбидан чуқур жой эгаллади.