Иштихонда ижодий учрашув ўтказилди

Иштихон туманида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Иштихон овози” газетаси муҳаррири Гулчеҳра Усмонованинг меҳнат фаолиятига 50 йил бўлганлиги муносабати билан ижодий учрашув ўтказилди.

Тадбирда мусаҳҳиҳликдан бош муҳаррирликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтган Г.Усмонованинг узоқ йиллик самарали меҳнатлари туфайли “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлганлиги, “Мўътабар аёл” ва “Меҳнат фахрийси”, шунингдек, мустақиллигимизнинг 15 ҳамда 20 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланганлиги эътироф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг табригини ҳоким маслаҳатчиси Ш.Темиров ўқиб эшиттирди. Шунингдек, сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Негматов, туман ҳокими Ф.Рўзиев, шоира Х.Бобомуродова, ёзувчи Т.Эшбеклар “Иштихон овози” газетаси тарихи, унинг саҳифаларини ранг-баранг қилишда бош бўлиб келаётган Г.Усмонованинг босиб ўтган сермаҳсул ижод йўли ва ютуқлари ҳақида фикр билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, туман ҳокимлиги ва қатор ташкилот ҳамда шогирдларининг ташаккурномалари, эсдалик совғалари топширилди.