Фахриёр шеърияти биз кўниккан анъанавий лирикамиздан фарқли
Бу сўз таниқли шоир Фахриёр таваллудининг 60 йиллигига бағишлаб Самарқанд давлат университетида ўтказилган ижодий учрашувда кўп бор айтилди.
Учрашув-тадбирда таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, Назар Эшонқул, таржимон ва публицист Азиз Саид ҳамда адабиётшунослар, ижодкор ёшлар ва талабалар иштирок этди.
Ижодий учрашув иштирокчилари шоирнинг “Дарднинг шакли”, “Аёлғу”, “Геометрик баҳор” шеърий тўпламлари, “Янгиланиш анъаналари” публицистик мақолалар тўплами, шунингдек, ижодкорнинг шахсий сифатлари ҳақида гапирди.
- Фахриёрни, аввало, шахс сифатида таниб олмас экансиз, унинг асарлари, шеърларининг моҳиятини англай олмайсиз, - дейди таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст. – Иш фаолиятимда унинг шахсий қирраларини, виждони бутун инсонлигини кўп марта кашф этганман. Тўғри, баъзи ўринларда, хусусан, бирор лавозимга тавсия этилганида унинг бу хислати панд берган бўлиши мумкин. Аммо бу фазиати Фахриёрни шахс сифатида, етук ижодкор бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутди. Бугунги ижодий учрашув ҳам унинг нафақат ижодий ютуқларига, балки шахсий фазилатларига ҳам дахлдор.
Фахриёр шеърияти биз кўниккан анъанавий лирикамиздан фарқли. Ижодкорнинг шеъриятдаги, адабиётдаги йўли фақат унинг ўзигагина хос йўлдир. Шеърлари модернистик, постмодернистик йўналишда экани билан бирга, ўзбек шеъриятининг энг гўзал ва қадимий анъаналарига содиқ қолган, она тилимизнинг бор жозибасини, гўзаллигини ўзида ифода этган бетакрор шеърият.
- Ижодкорнинг асарларини, шеърларини шунчаки ўқий олмайсиз, - дейди ўз чиқишида адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. - Уни ўқиш учун алоҳида интеллектуал тайёргарлик зарур. Унинг биргина сатр шеърига бир неча саҳифа изоҳ, шарҳ ёзиш мумкин. Хусусан, “Омонимона” шеърида шундай сатрлар бор:
Кўнгил,
Кўнгил!
Кўнгилсизликка,
Кўн, гулсизликка.
Баъзи ўринларда шоир кўнглининг энг нозик сезимларини англатмоқ учун сўзнинг шаклий имкониятларига таянади. Тажнис санъатига хос бўлган бадииятни вужудга келтирувчи сўзларни ёрдамга чақиради. Фахриёр сайланмасининг «Аёлғу» номи билан аталиши ҳам тасодифий эмас. «Аёлғу» сўзи қадим чолғу асбобининг номи; луғатларда қайд этилишича, соф туркий ўлан, ашула, ялла, куй, оҳанг, таъсирли қўшиқ, дегани. Аввало «Аёлғу» номи билан аталган достонни, қолаверса, шу ном билан чиққан сайланмадаги бошқа достон ва шеърларни ўқисангиз, «соф модерн» кўринишидаги деярли барча асарлар қаъридан акс-садо бериб турган қадим аёлғу наволарини туйиб-эшитиб турасиз. Ўзбек модернизми бошқаларга тақлид маҳсули эмас, у ўзига хос миллий адабий ҳодиса. Туркий халқларимиз адабиётини, қўлёзмаларни варақлаб кўрганимизда ҳам шу ҳолга дуч келамиз: аждодларимиз аруздан аввал, ҳатто бармоқдан ҳам аввал сочмалар шаклидаги эркин вазнлардан фойдаланишган.
Ижодкор замонавий ўзбек шеъриятининг моҳир таржимони сифатида ҳам салмоқли меҳнат қиляпти. Ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш йўлида 80 га яқин ўзбек шоирлари шеърларини рус тилига таржима қилди.
- Биз адабиётнинг фундаментал вазифасини одоб ёки инсоннинг ички дунёсини кашф қилиш билангина чегараламоқчи бўламиз, - дейди шоир ижодий учрашувнинг мақсад ва моҳияти ҳақида фикр билдириб. - Ваҳоланки, унинг талқинидаги образлар, ташбеҳлар ҳар қандай ўқувчи учун фикр, ҳатто кашфиётларга етакловчи ғоялар генератори, фантазия ва илҳом манбаи сифатидаги амалий аҳамиятига кўп ҳам эътибор қаратмаймиз. Бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган телевизор бир замонлар классик адабиётда “ойнаи жаҳон”, яъни ғоя сифатида мавжуд эди. Ёки фольклордаги учар гиламларни эсланг. Бу имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш бугунги ёш ижодкорларнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири.
Ижодий учрашувда шоир шеъриятининг ўзига хослиги хусусида сўз юритилди, талабалар бугунги ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлди.
Сулаймон Мардиев.