Фахриёр: “Ит ҳурар, карвондан дарак йўқ, аммо”

Фахриёрнинг шеъриятида “кўнгил”, “дард”, “армон”, “соғинч” тарки дунё қилган қаландарларга ўхшайди – ҳалол кун кўриш илинжида дунё кезиб юрган саргашталардек. У бир шеърида “таҳрир қилиб бўлмас соғинчни” дейди. Чиндан ҳам уни таҳрир қилиш имконсиз. Бадиий асарни, мақолани таҳрир қилиш мумкин, соғинч изтироби эса бу удумларга бўйсунмайди. Соғинч ўзининг изтироб ва ингроқлари, шеваю шивирлари билан бир бутун. Фахриёр шеърга соғинчга қарагандек ёндашади. Ёлғондан соғиниб бўлмаганидек ёлғондан ёзиб ҳам бўлмайди. Шеър ҳам аслида соғинчдан яралади. Кимнингдир ё ниманидир соғинчидан. Дарднинг мазмуни ва шакли бор, дейди шоир. Худди шу сингари соғинч ҳам урён эмас..

Гуноҳ эрур эндиги соғинч,

Гарчи соғинч сотқинлик эмас.

Хиёнат ҳам эмас бу соғинч,

Демак, менда гуноҳ йўқ, демак.

Фахриёр шеъриятида қўлланиш даражаси мунтазам бўлган сўзлар қатори мавжуд. Булар – кўнгил, дард, соғинч, кўзёш, гул, тош, эрк, гуноҳ, бахт, муҳаббат, юрак, армон каби сўзлар ва бу сўзларнинг ички мазмунини очишга йўналтирилган тушунча-тасаввурларнинг рангин манзаралари. Масалан, тош детали. Бунда тош шунчаки тош эмас, балки поэтик ғоя юкини ташиётган образ, рамз, метонимия, метафора, сифат.

Шоир Хатирчининг  Сангижумон қишлоғида туғилган. Шеърларида кўп бор тилга олинган Сангижумон – тебранаётган харсанг дегани. Шеъриятида такрорланиб турадиган “тош” рамзи унга болалигидан таниш ва синашта бўлган ўша харсангтошларнинг онгостида сақланган белгилари бўлса, ажаб эмас. “Сиртига сув юқтирмаган тош”, “Сариқлик тош ранги”, “Одам тарошламоқ бўлсангиз тошдан…”, “Ниманингдир олдида тош бор, // Нимадир бор тошнинг ортида”, “Армонлар юракка тош бўлиб чўкди”, “Тоғларни ларзага келтирар// Фақат юмалаган тош”, “Тошлар қилар калака қиқир-қиқир қиқирлаб” ва бошқалар.

Муҳаббатнинг кўйлаги оқдир,

уни ҳар тун тушларимда киясан.

Ўнгимда эса…

Тошнинг оқлигига қараб йиғлайман.

Бироз ўйлагач, китобхон тошмас, кўнгли қаттиқ ёр ҳақида сўз бораётганини англай бошлайди.

Фахриёр шеърларида кўзга ташланиб турувчи жиҳатлардан яна бири унда йиллар, асрлар элагидан ўтган ибора, мақол, ҳикматли сўзлар, фразелогик бирикмаларни янгича талқин қилишда кўринади.

“Ёзнинг чанқоғини кўриб,// Хижолатдан ерга кириб кетган қудуқлар”, “Кўкдан тушолмаган бирор бир хумса// Шеърий зиналардан заминга тушсин”, “Агар у шўр бўлса, бизнинг шўримиз,// Агар у оқ бўлса, демак, қуриган”, “Ойни этак билан ёпишни бизга// Мақол эмас, шиор ўргатар”, “Тун кимнинг бахтики, бунчалар қаро”, “Ит ҳурар, карвондан дарак йўқ, аммо”, “Ҳафсала кун етиб,// пир бўлди охир”, “Узилиб ётар бир энлик умид”, “Менинг тўртта хотиним бордир//тўртовининг оти ҳам қибла”, “Тонг ўрнига қайғулар отар” каби. Бу эса бизнинг онгимизда сақланиб келаётган турғун тушунчанинг маъно ва қамров доирасини кенгайтиради, тасвирланаётган руҳий ҳолат ё кечинманинг янги қиррасини очишга хизмат қилади.

Шеър баландпарвоз, осмонўпар хаёлий мавҳумот эмас, балки шу ўзгараётган турмушимизнинг, фикр тарзимизнинг, кийинишимиз ва юриш-туришимизнинг рамзи. Масалан, модалар кўргазмасида тан олинган янгилик аста-секин урфга айланади. Шу сингари шеър ҳам ўзгариб, янгиланиб боради. Шакл ўзгариши ҳамишаям шунчаки шакл ўзгариши бўлиб қолавермайди, шаклий ўзгариш дегани бу мазмуннинг ҳам ўзгариши ва янгиланишидир. Кўпларнинг кўнглидан жой олса, фикр ғояга айланади. 70-йиллар шоирлар авлодининг бош аъмоли  эрку озодлик ғоялари эди. Бугунги шеъриятни эса ундан кейинги жараёнларнинг ички ҳолати, иқлими қизиқтиради. Асар мазмунига кеча қўйилган талаблар бугун ҳам ўзгаргани йўқ. Ҳозир ҳам мазмундан салмоқдорлик, универсаллик, ҳаққонийлик, оригиналлик, таъсирдорлик талаб этилади. Ихчамроқ айтганда, НИМАни ҚАНДАЙ айтиш йўл-йўриғи ўзгарди. Кечаги шеър сийқаси чиққандек туюладиган дўстлик мавзуида ҳамду сано ўқиган бўлса, бугунги шеър дўст бормикан дея савол қўйяпти.

…сотар бир дўстим мени

чакана нархда

шукур

харидорим бор экан

менинг ҳам.

Шакл нарсанинг моҳиятини қисман кўрсатиши мумкин. У баъзан алдамчи характерга эга бўлади. Гўёки жодугар кампир чиройли қиз қиёфасида кўрингандек. Шакл ва мазмун бир бутун ҳисобланса-да, улараро нисбийлик мавжуд. Шоирнинг лирик қаҳрамони ана шу нисбийлик замиридаги моҳиятни кўрмоқчи. Шаклнинг мазмунга мувофиқ ё номувофиқлигини кўриш истаги бу шеъриятнинг ўзак масалаларидандир.

Фахриёрнинг лирик қаҳрамони интеллекти баланд, шахс сифатида шаклланган. Оламга ва одамга очиқ кўз билан қарайди. Ҳар бир масалада унинг шахсий қарашлари ва нуқтаи назари бор, даврнинг ўткинчи шамолларига қараб йўналишниўзгартиравермайди.

Фахриёр услубида бўртиб кўринувчи жиҳатлардан яна бири масалага киноявий муносабатида кўзга ташланади. Юқорида эслатилган  “Дўст” шеърида ҳам бу киноя қиёфасизлик иллатини кўрсатишга  қаратилган бўлса, “Бевақт кўз очган Баҳодир” шеърида ўзигача бўлган адабиётда ибрат намунаси қилиб кўрсатилган адабий қаҳрамонларга постмодернча муносабат билан ёндашув бор.

Поэтик услубнинг қарор топиши кўплаб омилларга боғлиқ. Назаримда, Фахриёр услубидаги ана шу омиллардан бири киноявийликнинг қарор топишида 70-йиллар ўзбек ёзувчилари авлоди, жумладан, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам насрининг адабий таъсири сезиларлироқ. Киноя ўзининг мутойиба оҳанги, сўзни тежаши, фикрни ихчам ифодалаши билан бадииятнинг муҳим бир узвига айланади. Киноявийлик кўпинча турғун тушунчаларга янгича муносабатдан юзага келади.

Маълумки, бугунги достон ўзининг воқеабанд ўтмишдошларидан шеърга яқинлашганлиги билан фарқ қилади. Фахриёрнинг бу борадаги тажрибаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Унинг “Ёзиқ”, “Аёлғу”, “Мучал ёши” достонлари замонавий шеъриятимизнинг ажойиб намуналаридир. “Ёзиқ” – хаёлотнинг ривоятлар оламига ва инсоният тарихига саёҳати, воқеликдан толиққан руҳнинг, пароканда ўйларнинг, зўриққан тафаккурнинг исёни ва изҳори. Метафорик фикрлаш тарзи туфайли тарихнинг бутун-бутун даврлари, юз йилликлари қисқа-қисқа сатрларга жо бўлади. Сўз ўйинлари, метафоранинг қуюқлиги, фикр-кечинманинг зарбулмасал полифонияси достонни диққат билан ўқишни талаб этади.

Беш жуфт тахайюл сабоғи ва тўрт танаффусдан иборат “Аёлғу” турли хил услубий манералар бирикувидан яралган симфониядек таассурот қолдиради. Воқеликка гоҳ тасаввуфона дунёқараш, гоҳ бахшиёна оҳанг, гоҳ модернча муносабат бир-бирига уйғунлашиб, композицион ягоналикни юзага келтирган.

Ой

юзинг доғларига қараб йиғладим, - деб бошланадиган достонда ойга қиёсланган ранг-баранг рамзлар, деталлар, сўз ўйинлари мавжуд: ярим ой араб алифбосидаги нун (ﻥ)га, саҳродаги қайиққа, бешикдаги болага, туркийларнинг мифологик рамзи кўкбўрига, қовурғага, наҳангга, сиртмоққа, қуриб қолган уммонга, ойболтага, узукка қиёсланади ва шу тушунчалар ифода этадиган миф, ривоят, тарих, ҳаёт ҳақиқати кеча, бугун, эртанги кун кўзгусида акслантирилади, яъни “қайғуга сафар” бошланади.

Шоир бошқа асарларида бўлгани каби бу достонини ёзишда ҳам китобхоннинг онгида ва онгостида сақлаган, хотира қатларида ўрнашган миллий, диний, дунёвий, тарихий, адабий маълумотлар, манбалар заҳирасига таянади. Масалан, асарда Боязид Бистомий эсланади. Нима масалада гап кетаётганлигини билиш учун ҳеч бўлмаса “Тазкират-ул авлиё”дан хабардор бўлиш керак. Туйғулар ассоцациясига уланиб кетган қизлоқ Ребеканинг ҳолатини тушуниш учун Габриеэль Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асарини мутолаа қилиш лозим ва ҳоказо. Достонда эслатиб ўтилган, баъзан имо, ишора қилинган бундай тарихий шахслар, адабий қаҳрамонлар, рамзий образлар, диний-фалсафий ақидалар жуда кўп. Агар китобхонда руҳий тайёргарлик бўлмаса, асар тушунарсиз бўлиб қолаверади.

Эрих Фромм “Озодликдан қочиш” асарида ривожланган қатор давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тузилмаларини таҳлил қилиб, бугунги инсоннинг табиатида мутелик ва тобелик кайфияти тобора илдиз отиб бораётганини исботлайди. Фахриёрнинг шеърларидаги озодлик, эрк фақатгина мазлумнинг золимдан, бир халқнинг ўзга халққа бўлган қарамлигидан  қутулишнигина англатмайди, шу  билан бирга давр иллатига айланиб бораётган руҳий мутеликдан, фикрсизлик балосидан қутулишга ундайди.

Тулук бордир остида чўкаётган осмоннинг

Зулук бордир остида чўкаётган осмоннинг

Қуллуқ бордир остида чўкаётган осмоннинг 

Кўктангрининг қошига

Етолмай қолган йўлим

Ҳей тулугим, ҳей тулум

Ҳей тулугим, ҳей тулум

Шу боис бу шеъриятда тариқат пирларига, руҳий эрк ва озодликни куйлаган мутаффаккирларга қайта-қайта мурожаат қилинади.

Қумсоатга менгзайди одам,

Вақт чопади ўз маррасига.

Ҳар сония, ташланган қадам

Оқиб кетар қум заррасидай…

Ўзликни излаш азобларини шоир излам дейди.  Излам – вақт саҳросида миллионлаб қум зарраларидек сочилиб кетган ўй-ҳаёлларингни йиғиб олишдир, “мен”лик аталган таянч нуқтасини топишдир. “Излам”, “Учланиш”, “Сенсизлик” каби тушунчаларга қўйилган янги ташхис Фахриёрнинг тилимизга олиб кирган янгилиги. Абдулла Орипов “Оломон” сўзининг янги маъно қирраларини кашф этганидек, Икром Отамурод “Кангул” сўзига мумтоз оҳанг ва мусиқийлик жо этганидек, Фахриёрнинг ушбу янгиликлари ҳам китобхон адабий онгидан жой олди.

Шоирнинг бадиий сўзни тасвирий санъат билан уйғунлаштириш орқали ақл ва ҳиссиётнинг, фикр ва туйғунинг ўзига хос оригинал изҳорини юзага келтираётганлигини ҳам эътироф этиш керак. “Аёлғу”да намоён бўлган  бу хуcуcият  “Геометрик баҳор” туркумида ўзининг ажойиб ифодасини топган.

Салвадор Дали бир суратида инсон портретини чизар экан, унинг кўзларини қорнига жойлаштирганди. Бу – ҳаётга қорин кўзи билан қарайди, дегани. “Геометрик баҳор”да ҳам шундай тагмаъноли кечинмалар сурати борки, хаёл билан ҳаётни, туш билан ўнгни, мавҳумот билан конкретликни, кутилганлик билан кутилмаганликни омухталаштириб юборган бу туркум сюрреалист рассомларнинг ижодини ёдга солади.

Бир аёл ишқига бўйин сунган эрк.

Мингта савдоси бор савдогар юрак.

Бахт билан ўртада битта эшик – берк

ва битта қаноат, удумга кўра.

 

Зарар кўрмаслик учун висолдан

ҳижрондан тикилган ҳимоя кийим.

Сизни суюнтирадиган мисолдан:

кўнгил билан куйиб кул бўлган уйим.

 

Ичилиб бўлган май. Паймона – ярим.

Чеккулик бир алам. Бир ўй – сургулик…

Онажон, куйинма, буларнинг бари

фожеа эмас, оддий кўргулик!..

Бахт абстракт тушунча, аниқ ва бирбутун эмас. Лаҳза ва сониялардан иборат умр йўлларининг қай бир муюлишларида унинг излари элас-элас кўзга ташланиб қолади. Умуман, бахт ва бахтсизлик талқини модерн шеъриятнинг севимли мавзуларидан. “Биз ҳаётда гўёки абадий мотамда яшаётгандекмиз”, - деб ёзади Ш.Бодлер. Агар ҳазрат Яссавийнинг “Ота-она қариндош// Ҳеч ким бўлмайди йўлдош” – сатрлари, ҳазрат Навоийнинг “Ғурбатда ғариб…” дея бошланган рубоийларини ёдга оладиган бўлсак, тасаввуф ва модерн адабиёт ўртасида бир қатор муштаракликлар мавжудлиги аён бўлади. Фахриёр шеърияти, менинг назаримда, мана шу икки буюк баҳрдан баҳраманд бўлган ўзига хос ижод намунасидир.

                                    Шавкат Ҳасанов

Ш.Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори