“Туркий адабиёт дурдоналари”: 100 жилдли тўпламнинг "хамиртуруши" Самарқандда қорилган эди

Вилоят ахборот-кутубхона марказида юз жилддан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасининг тақдимоти ҳамда уни тайёрлашда иштирок этган ижодкорлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзолари — Адҳамбек Алимбеков, Тоҳир Қаҳҳор, Рисолат Ҳайдарова, Шаҳло Қосимова, шунингдек, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ҳамда вилоятдаги адабий жамоатчилик вакиллари ва ёшлар  иштирок этди.

“Туркий адабиёт дурдоналари” номли китоблар туркуми Президентимизнинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2019 йил 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтган 17-саммитидаги ташаббусига мувофиқ нашр этилган.

Ушбу жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек,  Туркманистон ва Венгрия давлатларининг 11-21 асрларга мансуб жами 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.

– Мажмуани тайёрлаш учун 200 дан зиёд таржимон, 100 дан зиёд адабиётшунос ва матншунос олим, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бош мутахассиси, 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳнинг мувофиқлаштирувчи координатори Рисолат Ҳайдарова. – 100 жилдликнинг 5 жилди умумий адабиётлар, 28 жилди ўзбек адабиёти, 5 жилди қорақалпоқ адабиёти, 17 жилди турк адабиёти, 16 жилди озарбайжон адабиёти 10 жилди қозоқ адабиёти, 9 жилди қирғиз адабиёти,  9 жилди туркман адабиёти ва 1 жилди венгер адабиётини ўз ичига олади.

Асарлар мажмуаси дастлабки тарзда 200 минг нусхада чоп этилган.

- Самарқандда ушбу тўпламнинг тақдимотини ўтказишимиз бежиз эмас, - дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков. – Маъжозий қилиб айтганда, 100 жилдли мажмуанинг "хамиртуруши" шу кўҳна шаҳарда қорилган эди. Тўплам Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида илк марта дунё юзини кўрди. Давлатимиз раҳбари ушбу саммитда 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини ўзбек тилида нашр этилгани ҳақида маълум қилиб, ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этилса, қардош элларни, хусусан, ёш авлодни ўзаро яқинлаштириш учун мустакҳам замин яратган бўлар эдик, деб таъкидлаган эди.

Тақдимот маросими ва ижодий мулоқот қизиқарли ҳамда китоб байрамига айланиб кетди.