Туркий халқларнинг барчаси бир миллат, бир оилага мансуб
Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг илк ўрта аср маданияти арбобларидан бўлиб, тилшунослик, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди. Унинг “Девону луғатит турк” асарини ўша даврларда туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин.
Муаллиф “Девон”ида бу ҳақда шундай дейди:
“Худо давлат қуёшини турклар бурчида яратди, фалакнинг ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг ҳоқонлари этиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлга юришга қодир қилди. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир. Чунки улар бу тилда гаплашувчиларга яхши қулоқ соладилар, уларга ўзларини яқин тутадилар, зарар бермайдилар. Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим”.
Манбаларда Кошғарий туркий тилларга бағишланган иккита йирик асар ёзганлиги қайд этилади. Мазкур асарлардан бири “Жавоҳирун наҳви фи луғатит турк” (Туркий тиллар синтаксиси жавоҳирлари) номи билан, иккинчиси эса “Девону луғотит турк” (Туркий тиллар сўзлари луғати) деб аталган. Бироқ бу асарларнинг фақат иккинчиси бизгача етиб келган. “Девону луғотит турк” асари тахминан 1068-1074 йиллар оралиғида ёзилган.
Тилни кишилар ўртасида алоқа воситаси сифатида, жамият ҳаётини акс эттирувчи кўзгу сифатида тушунган муаллиф ўзининг машҳур “Девон”ида айнан бир даврга оид бўлган турлича туркий тиллар ҳодисаларини, фактларини синхрон – қиёсий метод асосида солиштиради, таққослайди. Маҳмуд Кошғарий синхрон – қиёсий метод билан қуролланган ҳолда туркий қабилаларни кезиб, асосий диққат-эътиборини уларнинг тилларидаги умумий ва фарқли хусусиятларга қаратади. Шунингдек, у туркий қабилаларнинг жойлашиш ўрни ҳақида ҳам қимматли, асосли жуғрофий маълумотлар берадики, бу “Девон”даги фактларнинг, фикрларнинг, қарашларнинг объективлигини таъминлайди.
Маҳмуд Кошғарий мазкур асарига ўзи тузган дунё харитасини илова қилади. Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, денгиз, кўл, дарё кабиларнинг номлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар луғат матнида изоҳланган. Харита асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади. Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида шуни айтиш мумкинки, уни ўрганиш асносида барча туркий халқлар бир оила вакили экани, қардош, қариндошлиги зеҳнларда яна бир бор қарор топади. Девонда кўплаб луғатлар борки, улар бугунги кунда Осиё халқлари орасида истеъмолда мавжуд ва шу билан бирга айнан бир хил ёки бир-бирига жуда яқин талаффуз қилинади. Масалан, эт - ўзбек адабий тилида гўшт деб юритилса-да, лаҳжаларида эт дейилади. Турк ва қозоқ тилларида ҳам гўшт “эт” деб юритилади. Ўтлоқ - (яйлов) ўзбек тилида “ўтлоқ”, турк тили “otlak” дейилган. Девондан бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.
Юқорида келтирилган луғатлардан маълум бўладики, туркий халқларнинг барчаси бир миллат, бир оилага мансубдир. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Ўзаро мулоқотда таржимонга эҳтиёж сезилмайди. “Девону луғатит турк” асарининг бугунги кундаги муҳим аҳамиятларидан бири шу бўлиб, туркий халқларнинг бир оила вакили эканини ҳар дам ва ҳар вақт бизларга эслатиб туради. Ўзаро ҳамкор ва дўст-биродар, аҳил-иноқ бўлишга чақиради.
Усмонхон Муҳаммадиев,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими.