Кафедра мудири: АДАБИЁТ ҲАМ ФАНМИ?!.
Илмли, зиёли инсонларнинг барчаси бирдай қалби гўзал, хулқи хуш, иймон-диёнатли бўлади, деб ўйлардим. Чунки дунёда бирор бир илм йўқки, ёмонликни, ёвузликни ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса...
Қолаверса, бундай хулосага келишимга олий ўқув даргоҳида таълим берган барча устозларим сабабчи бўлишган.
Пойтахтда докторантура босқичидаги таҳсилим ниҳоясига етмай, тақдир тақозоси билан Самарқандга кўчиб келдим. Кетма-кет бола тарбияси учун таътиллар билан бўлиб, илмий ишимга ҳам қўл тегмай, анча пайт чалалигича навбат кутиб ётди. Бироқ илмий иш қилишга бўлган иштиёқ бир лаҳза бўлса-да, мени тарк этгани йўқ. Йиллаб миямда чарх ураётган фикрларни жамлаб, муайян бир тизимга солиб, юзага чиқариш истаги тинчлик бермай бошлади. Ниятим мақсадга айланди. Уни амалга оширишим керак эди. Шу ниятда нуфузли илм даргоҳларидан бирига мадад истаб бордим.
"Иш сўраб келдим ҳузурингизга" дея кафедра мудири, профессор аталмиш унвон соҳибига мурожаат қилдим. Кимсан, фалон фанлари доктори, профессор Фалончи Пистончиев саломимга дурустроқ алик олиш у ёқда турсин, "Ким айтди сизга бу ерда иш бор деб?" "Нега энди тўғри менинг олдимга келади ҳамма? Ким сизни бу ерга жўнатди?" дея жаҳл билан бобиллаб берди.
"Ҳеч ким жўнатмади, агар ўртада бирор ким бўлганда ўзим келмаган бўлардим", дедим. Докторлик ишимнинг мавзуси адабиётшуносликка оид эди.
"Адабиётшунослик ҳам фан бўптими? Ҳамма саводсизлар, сафсатачилар... Тилни билмайсизлар! Фонема нима? Фразеологик бирлик нима? Сўз бирикмаси нима?"
Тушунмадим. Бу профессор жавоб беришимни кутмаётган эди. Ҳолбуки, адабиётшунос бўлсам-да, унинг саволларига жавобим тайёр эди. Домла эса ёрдам беришни ҳам, жавоб беришимни ҳам истамади. Устига-устак, бир фанни бошқасидан устун қўйиш, ўзидан бошқаларни менсимаслик олимлик маданиятига тўғри келадиган ишми?
"Қаердан келган бўлсангиз, ўша ерга, ким жўнатган бўлса, ўшанинг олдига боринг!" Ортимдан янграган сўзлар ҳануз қулоқларим остида акс-садо бераверади.
Кўча-кўйда, бозор-ўчарларда илм-зиёдан йироқ, китоб юзини кўрмаган кимсаларнинг муомаласидан куйиниш, аслида, ноўрин. Чунки улар мунтазам илм билан шуғулланмайдиган кишилар. Зиё масканида чиройли либосларда зоҳир бўлиб, илму толибларга сабоқ берадиган, профессор унвони соҳибларига эса бундай муомала уят эмасми?! Ўзим ўқиган даргоҳдаги устозларимнинг ҳалим хулқи, шогирдларга бўлган меҳр-оқибатини қўмсаб қоламан. Ҳаёт йўлимдаги мана шу воқеа менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Профессорлик илмини ўрганиш мумкин, лекин инсонлик мақомига эришиш мушкул. Бунчалар дилозор, қўпол, такаббур олим бўлгандан кўра, яхши инсон бўлиш шарафлироқ. Иқрорим, келгусида илмий ишимни ёқлаб, профессор олим эмас, ОДАМ бўлмоқчиман!
Зарина РАҲМОНОВА,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети катта илмий ходим-изланувчиси.