Эркинжон Турдимов: гид-таржимонлар Самарқанднинг юзидир

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов вилоятга келаётган нуфузли делегациялар, юқори мартабали меҳмонларга гид-таржимонлик қилаётган Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчи ва талабалари билан учрашди.

– Одатда, уйимизга меҳмон келадиган бўлса, барча оила аъзоларимиз билан тайёргарлик кўрамиз. Ота-онанинг ҳам, фарзандларнинг ҳам бажарадиган ўз юмушлари бўлади. Мақсад – меҳмонни яхши кутиб олиш ва кузатиш, оиланинг аҳиллигини, ўзига хос қадриятлари борлигини кўрсатиш ва унда яна шу хонадонга келиш истагини уйғотиш бўлади.

Вилоятимизга келадиган маҳаллий ва хорижлик меҳмонларни кутиб олар эканмиз, бизда ҳам шундай мақсад бўлади. Самарқандга келган инсон бу заминнинг ўзидан ҳам, одамларидан ҳам рози бўлиб кетсин, яна келишни орзу қилсин деймиз.

Бизнинг бу истагимиз амалга ошишига гид-таржимонларимиз ҳам катта ёрдам бермоқда, ёнимизда туриб, Самарқандни намоён этишимизга кўмаклашмоқда. Улар юртимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва қадриятларини яхши билади ва бу борада кўп раҳбарларимизга ёрдам беради. Шунинг учун шахсан мен тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларимиз қатори гид-таржимонларни ҳам Самарқанднинг юзи, деб ҳисоблайман.

Учрашувда Самарқандда ўтказиладиган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш, гид-таржимонларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароит яратиш бўйича гаплашиб олинди. Бир гуруҳ ўқитувчи ва талабалар вилоят ҳокими томонидан рағбатлантирилди, - деди вилоят ҳокими.