Эркинжон Турдимов миллат руҳини йўқотмасликка даъват этди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлиши арафасида ўз фикрларини баён этди.
“Миллат руҳини йўқотмайлик” деган сарлавҳа остидаги постда қуйидаги фикрлар билдирилган:
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур”, деб ёзган эди.
Неча йиллар ўтса-да ўз қадр-қиммати, аҳамиятини йўқотмаган бу фикрлар ҳамма давр ва замонларда ҳам долзарб бўлиб келмоқда. Жумладан, бугунги кунда ҳам.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига яқинда 30 йил тўлади. Собиқ иттифоқ ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда – 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва унинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб белгилаб қўйилиши мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланади.
Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ҳисобланар экан, демак, қайсидир юртда ўз она тилига давлат тили мақоми берилиши унинг дунёга ўз тили билан намоён бўлишига хизмат қилади.
Шу маънода “Давлат тили ҳақида”ги қонун мустақил Ўзбекистон Республикасининг ўз давлат рамзлари қатори, ўз давлат тилига ҳам эгалигини кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Айнан шу жиҳати билан бу қонун бошқа қонунлардан ажралиб туради, аҳамияти каттароқ.
Аммо, тан олишимиз керак, ушбу қонун ижросини таъминлашда ҳалигача камчиликларимиз кўп, ҳалигача унинг барча нормалари тўла ишлашига эришмаяпмиз. Бунга аввало, барчамизнинг бепарволигимиз, она тилимизга бўлган ҳурматимиз ҳаминқадар эканлиги сабаб бўлмоқда.
Масалан, оилада кундалик мулоқотимизда бошқа тиллардаги сўзларни ҳеч иккиланмай айтамиз. Буни эса ўзимизни шу ҳолатга ўрганиб қолганимиз билан изоҳлаймиз. Лекин, фарзандларимиз-чи, улар ҳам энди шунга “ўрганиб” қолиши керакми?
Кўчага чиқамиз, катта-кичик бинолар олдида ёзилган ёзувларнинг аксарияти хорижий тилларда ёзилган. Бирор бир юмуш, хизмат билан давлат идоралари, хизмат кўрсатиш корхоналарига кирамиз ва бу жойларда ҳам айрим маълумотлар бошқа тилларда эканлигини кўрамиз. Катта-катта супермаркетларга кирамиз, нархнома, қўлингизга тутқазиладиган чек ўзга тилда. Лекин ҳеч биримиз нега бу ёзувлар давлат тилида эмас, деб сўрамаймиз.
Ваҳоланки, қонунга кўра, географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилади (22-модда). Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган (20-модда). Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланиши кўрсатилган (21-модда).
Ҳар бир янги объект очилаётганганда, хизмат кўрсатиш мажмуаси ёки шохобча ташкил этилаётганда бу тартиблар тушунтирилади. Минг афсуски, кўп ҳолларда тушунтиришлар қоғозда қолмоқда.
Буюк мутаффакир Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзи бор. Биз ҳам тилга эътиборсизлигимиз билан элга эътиборсиз бўлишга йўл қўймайлик. Миллий тилимизни, буюк миллатимиз руҳини йўқотмайлик.