Эркинжон Турдимов: Пахтачиликлар яхши яшаши учун нима қилиш керак бўлса, бажарамиз

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Пахтачи туманида сайёр қабул ўтказди.

Эрталаб соат 8:00 да Можар маҳалласидаги “Бургутча” болалар дам олиш оромгоҳида бошланган қабул давомида 350 дан ортиқ фуқаронинг муаммо ва таклифлари тингланди.

Хусусан, Янгиобод ва Қиргули маҳалласига темир йўлдан ўтувчи ер ости йўли ёритилмаслиги, “Пахтачи гўзали” савдо мажмуасининг кўркини бузиб турган экси биноларни олишга тўсқинлик қилаётганларга чора кўриш, суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммолар вилоят ҳокимининг эътиборидан четда қолмади.

Қабулда билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Айримлари бўйича тегишли мутасаддилар томонидан зарур тушунтиришлар берилди. Ҳал этилиши вақт талаб қиладиган муаммолар юзасидан вилоят ҳокими масъул шахсларга аниқ кўрсатма ва зарур топшириқлар берди.

- Вилоят ҳокимига тадбиркорликни йўлга қўйиш, аниқроғи, мойчечак доривор ўсимлиги етиштириш учун 80 гектар лалми ер майдони ажратиб беришни сўраб мурожаат қилдим, - дейди туманнинг Тараққиёт маҳалласида яшовчи Сардор Хўжаниёзов. – Вилоят ҳокими тегишли раҳбарларга эртагаёқ бизнес-режамни ўрганиб чиқиб, зарур амалий ёрам кўрсатиш бўйича топшириқ берди. Лойиҳам амалга ошса, 40 кишининг бандлиги таъминланади.

Иззатулла Норқувватов.