Эркинжон Турдимов Самарқандни бошқаришда қийналиб қолмадими?..
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан "Вилоят ҳокими минбари" рукни ташкил этилди. Унда биринчи бўлиб уч вилоятга ҳоким бўлган Эркинжон Турдимов чиқиш қилди.
– Самарқандга келгунга қадар Навоий ва Сурхондарёда ҳокимлик қилдингиз. Уч вилоятни таққослаганда Самарқандда Сизга маъқул бўлган ва ёқмаган жиҳатлар нима?
– Қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳокимнинг вазифаси ўша ҳудудга хизмат қилиш, одамларнинг давлатдан розилигига эришиш, кишиларни ислоҳотларга ва унинг натижасига ишонтириш. Мен қаерда ишламай мана шу ҳақиқат асосида фаолият олиб боришни, Президентимизнинг, ўша ҳудуд халқининг ишончини оқлашни бош мақсад деб биламан.
Уч вилоятнинг ва бу уч вилоят халқининг ҳам фақат ўзигагина хос бўлган жиҳатлари бор. Иш фаолиятимда буни албатта инобатга олганман. Самарқанд эса ўзим туғилиб ўсган вилоят. Гарчи, шу пайтгача меҳнат фаолиятим бошқа ҳудудлар билан боғлиқ кечган бўлса-да, бу ерда амалга оширилган ислоҳотларни кузатиб борганман. Қўшработга, қишлоғимга ҳар гал борганимда бунга бевосита гувоҳ бўлганман. Шунинг учун Самарқандда иш бошлаб, халқ билан тил топишиш унчалик қийинчилик туғдирмади. Аммо уч вилоятни таққослаганда Самарқанд аҳолиси кўп, шунга яраша масалалари ҳам кўп ҳудуд.
Қолаверса, бу замин азалдан илм-фан, маданият, цивилизация маркази бўлган. Давлатчилик тарихимизда ҳам Самарқанднинг ўз муносиб ўрни бор. Бугун ҳам мамлакатимиз иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида вилоятнинг салмоқли ўрни, салоҳияти борлиги барчамизга яхши маълум. Буларнинг барчаси ҳоким сифатида ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратган ҳолда ишлашга даъват этади мени.
Маъқул бўлган ва ёқмаган томонлар ҳам ўзимизга, халқ билан, одамлар билан қандай гаплашиш, ишлашимизга боғлиқ. Демоқчиманки, маъқул бўлган томонларни янада кўпайтириш, ёқмаган жиҳатларни камайтириш учун халқ билан биргаликда ишлашимиз, доим одамлар орасида бўлишимиз керак. Дунёда бизнинг халқимиздек бағрикенг, самимий, кечиримли халқ бўлмаса керак. Бу халқнинг ишончига муносиб бўлиш, уларга хизмат қилиш мен учун ҳам улкан шараф ва масъулият.
– Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида уй-жой қурилиши ва реконструкцияси билан боғлиқ масалалар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама бўлмоқда. Буни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни нимада кўрасиз? Бундай қурилишлар ҳали ҳам давом этаётганига сабаб нима?
– Аввало, ҳозирда бундай қурилишларга бутунлай чек қўйилганини айтишим керак. Бу борада давлатимиз раҳбарининг топшириқлари, республикамиз ҳукумати ва ўзимизнинг ҳам қарорларимиз бор. Шундай вазиятда ҳам ўзбошимчалик билан, ноқонуний қурилиш қилиш ҳолатлари юзага келаётганидан кўз юма олмаймиз. Аммо буларнинг барчаси ноқонуний ва бу ишга қўл урганлар, албатта, қонун олдида жавоб беради. Биз – вилоят, шаҳар ҳокимлиги ҳозирда Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудуди ва унинг буфер зонасида қурилиш қилиш учун ёки биноларни таъмирлаш учун қарор чиқаришни тўхтатганмиз. Бу борадаги рухсат бериш тартиблари янгича тизим асосида ташкил этилмоқда.
Ноқонуний қурилишларни келтириб чиқарган сабаб ва омиллар эса жуда кўп. Булардан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилигимиз яхши хабардор. Бундай қурилишларнинг бошида турганларнинг тақдири ҳам кўпчилликка яхши маълум. Ўзимиз ҳам бу ҳақда баёнотлар берганмиз, жойлардаги учрашувларимизда кўп тўхталганмиз. Ҳаммаси қонуний баҳосини олмоқда ва бундай кейин ҳам шундай бўлади.
Энг муҳими, раҳбар ҳам, тадбиркор ва оддий аҳоли ҳам Самарқанд ҳаммамизнинг бойлигимиз, фахримиз эканлигини англаши лозим. Биз ер юзининг сайқали бўлган Самарқандни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантирмоқчи эканмиз, аввало, унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишимиз, туризмни асосий даромад манбаимиз сифатида кўриб, шунга мос ҳаракат қилишимиз зарур.
– Ижтимоий тармоқларда ҳам жуда фаолсиз. Бу иш фаолиятингизда қанчалик аҳамиятли? Яхши биламиз, Самарқандда бошқа ҳудудларга нисбатан журналист ва блогерлар жуда фаол. Сиз бунга қандай қарайсиз? Бу Сизга ёрдам берадими ёки...
– Бугун ижтимоий тармоқлар фаол мулоқот майдонига айлангани, унда жамоатчилик назорати элементлари яққол намоён бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Одамларнинг кайфияти, у ёки бу воқеага муносабати ҳам биринчи навбатда ижтимоий тармоқларда ўз аксини топмоқда. Шу сабабли уларни доимий кузатиб бораман ва ўзимнинг саҳифаларим орқали аҳоли билан мулоқот қиламан. Кўпгина мураккаб масалалар ечимида ижтимоий тармоқлардаги муҳокама ва муносабатларга ҳам таянаман.
Самарқандда журналист ва блогерларнинг бошқа ҳудудларга нисбатан фаол ва кўплиги эса менга иш фаолиятимда ёрдам беради. Улар билан тез-тез учрашиб, фикрлашиб турамиз. Вилоят ҳаётига оид муҳим масалаларда ёки ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинаётган мавзулар бўйича журналист ва блогерлар билан очиқ мулоқот қилишимиз ўша масалаларни тўғри талқин этиш ва кенг оммага етказишда самарали бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, журналист ва блогерлар билан муносабатларимиз яхши ҳамда уларнинг фаолияти менга ва бошқа раҳбарларга ёрдам беради.