Эрон полицияси ҳижоб кийишни кузатув камералари орқали кузатиб боришни режалаштирмоқда
Эрон полицияси аёлларнинг ҳижоб кийишини кузатиш учун энг замонавий технологиялардан фойдаланишни режалаштирмоқда. The Guardian нашрининг ёзишича, мамлакат аҳолиси ақлли камералар ёрдамида назорат қилинади, исломий кийиниш қоидаларини бузганлар жаримага тортилади.
Маълум қилинишича, полиция фотодалил ва қоидабузарлик учун жазо чоралари ҳақида огоҳлантириш юборади.
Эрон полицияси жамоат жойларига ҳижобсиз чиққан аёлларга биринчи навбатда огоҳлантириш берилишини айтди. Агар бу яна такрорланса, улар судга тортилиши мумкин.
Агар ҳижобсиз аёл машинада юрса, транспорт воситасининг эгаси огоҳлантириш олади. Агар қоидабузарлик такрорланган бўлса, автомобиль мусодара қилиниши мумкин.
Мажбурий кийим-кечак талабларига рози бўлмаган эронлик аёллар сони мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишларидан сўнг ортди.
Эронда 2022 йил кузида ҳижобни нотўғри кийгани учун Теҳрондаги метро бекатида Маҳса Аминий исмли аёл ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олингандан бир неча кун ўтиб вафот этгач, оммавий акциялар авж олди.