Эртада ҳаво яна совий бошлайди

"Ўзгидромет" берган маълумотга кўра, 19 декабрь куни нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

20−22 декабрь кунлари республика ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 20 декабрь, чоршанба куни айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради.

19−21 декабрь кунлари даврида ҳаво ҳарорати кечалари −0…−5 даражагача, шимолда −5…−10 даражагача, кундуз кунлари −2…−7 даражагача пасаяди, бу ушбу давр учун бўлган меъёрий қийматлардан 2−3 даражага пастдир.

22 декабрдан ҳарорат кўтарила бошлайди, кундуз кунлари ҳаво +7…+9 даражагача исийди. Ҳавонинг исиши кейинги дам олиш кунларида ҳам давом этади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. 18−19 декабрь кунлари айрим жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.