Эшитиш қобилиятини йўқотган бемор энди эшитади

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида яна бир юқори технологик жарроҳлик амалиёти — кохлеар имплантация ўтказилди.

Жомбойлик бемор йигит 12 ёшида минингитга учраб, оғир хасталикка чалинади. Унинг асорати қулоғида турли муаммоларни келтириб чиқаради. Охир-оқибат эшитиш қобилиятини йўқотади. Айни пайтда 32 ёшда бўлган бемор йигит қулоғидаги нуқсонни даволаш учун турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилади. Аммо натижа бўлмайди. Хорижда кохлеар имплантация амалиётини ўтказиш орқали эшитишни тиклаш имкони борлигидан хабар топган беморнинг ота-онасининг иқтисодий имкониятлари хорижга чиқишни кўтармайди...

Юртимиз тиббиётидаги ўзгаришлар натижасида ана шундай юқори технологик жарроҳлик амалиётларининг ўзимизда ўтказилаётганлиги кўплаб бемор юртдошларимизнинг саломатлигини тиклашга имкон яратмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети малакали мутахассислари ҳамкорлигида беморда кохлеар имплантация амалиёти ўтказилди. Амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор текширув сигналларини тўлиқ эшитаётганлигини маълум қилган.

- Бемор хасталик туфайли эшитиш қобилиятини йўқотгач, бир неча бор муолажалар олишга ҳаракат қилган, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлим мудири Муҳаммад Бекмуродов. – Текширувлар якунида беморда фақатгина кохлеар имплантация амалиётини ўтказиш орқали эшитишни тиклаш мумкинлиги айтилган. Давлатимиз раҳбарининг тиббиётни ривожлантиришга қаратаётган эътибори, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш учун яратиб бераётган шароитлари туфайли кўплаб юртдошларимиз малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Ушбу беморимиз ҳам айнан тиббиётдаги улкан ўзгаришлар самарасида яна эшитиш қобилиятини тикламоқда. Хасталик туфайли зарарланган нерв толалари ўрнига имплант датчиклар киритилиб, ички қулоқ қисмига кохлеар имплант ўрнатилди. Беморимиз махсус сигналларни эшитганлигини қайд этди. Бемор узоқ вақт мобайнида эшитмаганлиги боис, махсус амалиёт орқали тегишли мутахассислар билан белгиланган муолажа жараёнини ўтказади. Шу орқали унинг эшитиш қобилияти тикланиб, нутқий муаммолари ҳам бартараф этилади.