Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ever Given контейнер кемаси мусодара қилинади

Гап бир ҳафта давомида Сувайш каналини тўсиб қўйган улкан кема ҳақида бормоқда. Гап шундаки, shorouknews.com сайти хабар беришича, Мисрнинг Исмоилия шаҳар иқтисодий масалалар бўйича суди Ever Given контейнер кемасини мусодара қилишга қарор қилган.

"Суд қарорига биноан кема мусодара қилинади ва суд назорати остида бўлади. Сувайш канали маъмуриятига 900 миллион доллар миқдорида товон пули тўланмагунча уни тасарруф этиш тақиқланади", дейилган хабарда.

Компенсация миқдорига кемани саёзликдан олиб чиқиш, уни таъмирлаш, йўл тўсилиб қолгани туфайли зарарлар учун канал маъмурияти сарф қилган харажатлар киради.

Маълумот ўрнида: 23 март куни Хитойдан Роттердамга йўл олган Ever Given контейнер кемаси Сувайш каналидаги транспорт ҳаракатини бутунлай тўсиб қўйди. Оқибатда юзлаб кемалар тўпланиб қолди. 29 март куни кема фарватерга қайтарилди, аммо ноқулай об-ҳаво туфайли у яна тиқилиб қолди. Ўша куни кечқурун эса ҳолат тўлиқ тикланди.