Евроосиё иқтисодий иттифоқи: Фойда ва зарарлари нимада?

Шу кунларда энг кўп муҳокама этилаётган масалалардан бири - Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида бўлмоқда. Президентимиз парламентга Мурожаатномасида ҳам бу мавзуга тўхталиб, “Биз Евроосиё иттифоқи билан ҳамкорлик масаласида аввало халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Депутат ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича муҳокама этиб, масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда, асослантирилган фикрларини билдириши керак. Чунки улар халқ номидан гапиради”, деди ва биз бу ташкилотга кузатувчи сифатида киришимизни билдирди. Бир гуруҳ иқтисодий экспертлар эса Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириши ортидан катта имкониятларга эга бўлишини таъкидламоқда. Чунки Сингапур ва Эрон каби катта салоҳиятга эга давлатлар интилаëтган бу иттифоқ сиëсий эмас¸ балки иқтисодий уюшма эканлигига урғу беришмоқда.

2001 йилнинг 30 майида бугунги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) пайдо бўлишига омил яратган Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги (ЕОИҲ) ташкилоти тузилган ва Ўзбекистон ҳам ўша йили бу ташкилотга аъзо бўлган, аммо 2008 йилда уни тарк этган.

 Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти негизида 2010 йилда Божхона иттифоқи ташкил этилди ва унга Россия, Қозоғистон, Беларусь давлатлари аъзо бўлди. Божхона иттифоқининг номи 2015 йил 1 январдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) деб ўзгартирилган. Уни ташкил этиш ҳақидаги шартномани 2014 йилнинг 29 май куни Россия, Қозоғистон ва Беларусь имзолаганди. Шартномага мувофиқ иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланади, иқтисодиёт соҳасида келишилган ёки ягона сиёсат юритилади. 184 миллион аҳолига эга бўлган бу йирик бозор ўз фаолиятини 2015 йил 1 январида бошлаган ва ҳозирда Евроосиё иқтисодий иттифоқига Беларусь, Россия ва Қозоғистондан ташқари Қирғизистон ва Арманистон аъзо бўлган.

Айни пайтда ЕОИИ жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи ўринда бўлса, аҳоли сони бўйича 8 ва ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича 10-ўринда қайд этилмоқда. Халқаро валюта фонди маълумотларига таянадиган бўлсак, бу иттифоқ жаҳон ЯИМнинг 3,63 фоизини яратмоқда. Бу кўрсаткичнинг шаклланишида Россия 85 фоиз ва Қозоғистон 10 фоиздан ортиқ улушга эга. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг жаҳон ЯИМдаги улуши 0,19 фоиз бўлса, Арманистон, Беларусь ва Қирғизистоннинг биргаликдаги жаҳон ЯИМидаги улуши 0,18 фоизни ташкил этмоқда.

Хўш, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишининг қандай ижобий ва салбий томонлари бор. Қуйида олимлар ва экспертларнинг хулосаларини ҳавола этамиз.

ЕОИИ бизга нима беради?

Мамаюнус ПАРДАЕВ, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори:

- Евроосиё иқтисодий иттифоқи иккита қитъадаги бешта давлатни бирлаштирган халқаро иқтисодий тузилма. Унинг мақсади мувофиқлаштирилган иқтисодий сиёсат юритиш ва маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатланиши учун эркин ҳудуд барпо этишдир. Бешта давлат аъзолигидаги бу ташкилотда ҳозирча ягона бўлган Молдова кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этмоқда. Қатор давлатлар, хусусан, Въетнам, Эрон, Сингапур, Сербия ЕОИИ билан эркин савдо зонаси сифатида шерикчилик қилмоқда.

ЕОИИ ташкил қилишдан мақсад, ҳар тарафлама модернизация ва кооперация қилиш орқали аъзо давлатлар миллий иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифатини кўтариш учун барча шароитларни яратиш, товар-хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш. Шунингдек, иқтисодиёт соҳаларида мувофиқлаштирилган ягона иқтисодий сиёсатни амалга ошириш кўзда тутилган. ЕОИИнинг фаолият йўналишлари бевосита тариф ва нотариф чоралар бўйича ягона сиёсат юритиш, ягона техник регламентлар ва стандартларга амал қилиш, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати бўйича ягона сиёсат олиб боришдан иборат. Мазкур иттифоқнинг мақсади ва фаолият йўналишлари бўйича хулоса қиладиган бўлсак, ушбу ташкилотдан нафақат давлат, балки шу давлатдаги аҳоли ҳам жуда катта манфаат кўради.

Бу масалада ижтимоий тармоқларда таҳлилчиларнинг фикрлари турлича бўлмоқда. Улар асосан Ўзбекистон ЕОИИга кирса нима бўлади, ютадими ёки ютқазадими, деган саволга жавоб ахтармоқда. Мен эса масаланинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратмоқчиман.

Биз ҳозир 2 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларимизни қайта ишлаш бўйича катта жараённи бошлаганмиз. Бошқа соҳаларда ҳам экспортга мўлжалланган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқмоқдамиз. Бунга эса катта бозор керак. Яқин қўшни давлатларимиз биз учун очиқ бозор, агар бунга маълум чекловлар қўйилса бозоримизнинг чегараси торайиб қолиши эвазига бироз қийналамиз. Биз маҳсулотимизни ривожланган мамлакатларга, хусусан, Европа давлатларига сотишимиз ҳам мумкин. Аммо уларга сотиш учун Евростандарт талабига жавоб берадиган маҳсулот тайёрлашимиз лозим. Ишлаб чиқараётган ҳамма маҳсулотимиз ҳам, технологияларимиз ҳам юқори талабга жавоб бермайди. Чунки хориждан олиб келиб ўрнатаётган техника ва технологиялар ҳам қайсидир мамлакатлар учун кечаги тарих бўлиб қолмоқда. Дунё миқёсида техниканинг модернизация жараёни кескинлашган паллада яшамоқдамиз.

Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса, қўшни давлатлардан келадиган истеъмол моллари нархининг маълум даражада арзонлашиши, бозорларимизнинг эркинлашуви бирданига кўзга ташланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳозирги кунда енгил автомобиллар учун божхона импорт тўловларининг ўртача ставкаси 70 фоиздан 120 фоизгача белгиланган. ЕОИИда эса бу кўрсаткич 20 фоиз. Худди шундай ҳолатни қишлоқ хўжалиги техникаларида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозир бизда бундай техникалар учун божхона импорт тўловининг ўртача ставкаси 20,5 фоизни ташкил қилади, ЕОИИда эса атиги 5 фоизга тенг. Автобуслар бўйича ҳам мос равишда, 33 фоиз ва 11,6 фоиз. Юк автотранспорти бўйича бизда 57,6 фоиз бўлса, ЕОИИда 10,8 фоизга тенг. Агар биз ЕОИИга қўшиладиган бўлсак, божхона импорт тўловларининг камлиги эвазига енгил автомобиллар ва бошқа транспорт воситалари анча арзонлашади. Бу соҳада давлатимиз зарар кўради, аммо жамият ютади. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ЕОИИ давлатлари орасида импорт тўлови мавжуд эмаслиги, божхона назоратининг бекор қилингани бошқа давлатлар орасида импорт тўловининг, шу жумладан, акциз солиғининг кескин пасайиши рўй беради. Энг муҳими халқимиз учун қўшни давлатлардан келадиган асосий истеъмол моллари арзонлашади, бож тўлови бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон товарларини экспорт қилиш осонлашади, транспорт тўловлари камаяди, меҳнат бозори барқарорлашади. Рақобатнинг ортиши натижасида товар ва хизматлар сифати яхшиланади, маҳаллий ва импорт товарлар нархининг пасайиши рўй беради, ишчи кучи самарали тақсимланади. Бунда Қозоғистон ва Россияда ишлаш муаммолари ечилади.

Мамлакатимизда маиший техника воситалари ишлаб чиқаришда бож тўловининг ўртача ставкаси 10 фоизни ташкил қилади, бу кўрсаткич ЕОИИда 0 фоизга тенг. Учинчи мамлакатдан олиб кирадиган маиший техника воситаларига бериладиган божхона тўлови Ўзбекистонда 20 фоиз, ЕОИИда 10 фоизга тенг бўлади.

Мазкур ҳолат бизнес учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали. Чунки ЕОИИ мамлакатларига маиший техника воситалари экспорти имкониятлари анча кенгаяди. ЕОИИ давлатлари билан чегарадаги божхона назоратини бекор қилиш орқали экспортда тарифсиз тўсиқларни камайтиришга эришилади, экспорт қилувчилар учун транспорт харажатларини камайтириш имконияти яратилади.

Агар биз ЕОИИга кирадиган бўлсак, мамлакатимизда ривожланган ва истиқболда янада ривожланиши кутилаётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати бўйича ҳам бир қанча ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Ушбу маҳсулот бўйича ички бозоримиз эҳтиёжи 2,7 миллиард долларни ташкил қилади. Биз эса 2018 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 4 миллиард долларга етказдик. Шундан экспорт ҳажми 1,6 миллиард долларни ташкил қилди. Мазкур экспортнинг 43,4 фоизи ёки 693,8 миллион доллари ЕОИИ мамлакатларига жўнатилган. Ушбу маҳсулотнинг импорти атиги 0,3 миллиард долларни ташкил қилди. Бу масала бўйича ҳам мамлакатимиз ЕОИИ мамлакатлари билан узвий боғлиқликда.

Худди шундай ҳолатни озиқ-овқат саноати бўйича ҳам кўришимиз мумкин. Мамлакатимизнинг ички бозори учун 2018 йилда 7,6 миллион тонна буғдой (897 миллион доллар), 2,5 миллион тонна ун (406 миллион доллар), 280 минг тонна ўсимлик ёғи (257 миллион доллар), 1 миллион тонна шакар (504,6 миллион доллар) талаб қилинади. Ушбу эҳтиёжни ўзимиз қоплай оламиз ва айримларини экспорт ҳам қиламиз. Лекин бу маҳсулотлар ЕОИИ мамлакатларида ортиғи билан етиштирилади. Масалан, буғдой ишлаб чиқариш 90 миллион тоннани ташкил қилади, ички истеъмол учун 40 миллион тонна етарли. Буғдойнинг 50 миллион тоннаси ортиқча. Ун ишлаб чиқариш 14,3 миллион тонна, ички истеъмол учун 12 миллион тонна етарли, 2,3 миллион тонна ун ортиқча. Ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш 6559,4 минг тонна, ички истеъмол учун 4657,5 минг тонна етарли. Ортиқчаси 1901,9 миллион тоннага тенг. Шакар ишлаб чиқариш ҳажми 7,3 миллион тоннага тенг. Буларнинг ҳаммаси ички истеъмолга кетади.

Агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўладиган бўлса, бизнес учун рақобат кучаяди ва бу шароитда ишлаб чиқариш самарадорлиги ошади, хомашё базасининг кенгайиши натижасида корхоналар тўлиқ қувват билан ишлайди, биз учун муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ортиши рўй беради. Бу ҳолатда жамиятимиз учун ҳам катта манфаат бўлади. Бунда ун импорти кўпаяди, натижада мамлакат ичида ун маҳсулоти сифати ошади, нархи пасаяди. Озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, ўсимлик ёғи, шакар) нархлари ЕОИИга аъзо давлатлар нархларига яқинлашиши эвазига пасайиши рўй беради. Бу аҳолининг турмуш фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифатининг ошишига олиб келади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг низоми ва мақсадларига қарасангиз, соф иқтисодий блок бўлиб кўзга ташланади. Агар ушбу иттифоқнинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий тўсиқлар олиб ташланса, савдо ва бошқа иқтисодий муносабатлар эркин ривожлантирилса, шу давлатлар ўртасидаги божхона ва тарифлар мувофиқлаштирилса, унга аъзо ҳар бир давлат, хусусан, Ўзбекистон ҳам ютади.

Айрим таҳлилчилар ЕОИИга қўшилсак қарамликка юз тутамиз, деган фикрда. Аммо бундай эмас. Масаланинг нозик томони шундаки, ЕОИИ давлатлари биз билан иқтисодий ҳамкор, чегарадош давлатлар. Агар иттифоққа кирмаган давлатлар билан иқтисодий муносабатлар чеклаб қўйиладиган бўлса, бизнинг бозоримиз “ёпилиб” қолиши мумкин.

Аммо таҳлилчиларнинг бу ҳолатга хавотири ҳам йўқ эмас. Кўплари бу иттифоққа қўшилгандан кейин мақсадга ҳамиша ҳам амал қилавермайди, дейишмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиб, иқтисодий иттифоққа кирган давлатлар билан муносабатда шу ташкилот низоми асосида белгиланган мақсадга мувофиқ фаолият кўрсатса яхши. Аммо бошқа давлатлар билан муносабатда шу ташкилотнинг розилигини олиш лозим бўлса, бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Чунки ҳозир интеграция жараёни давлатлар ўртасида кескин ривожланиб бормоқда. Бундай шароитда ҳар бир давлат эркин бўлмаса фаолияти чегараланиб, чекланиб қолади. Шу туфайли, ушбу иттифоққа қўшилишга шошилмаслик лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, маълум муддатда ушбу иттифоққа кузатувчи сифатида киришимиз мақсадга мувофиқ. Чунки кузатувчи бўлиш ҳали аъзо дегани эмас.

Иттифоқда иқтисодий аҳвол қандай?

Илҳом ВАФОЕВ, иқтисодий шарҳловчи:

- Президентимизнинг Россия Федерациясига амалга оширилиши режалаштирилган ташрифи яқинлашиши билан дунё жамоатчилигини Ўзбекистонни ЕОИИдек интеграцион тузилма билан келажакда қай тарзда ҳамкорлик қилиши қизиқтирмоқда. Қолаверса, Президентимиз ҳам парламентга йўллаган Мурожаатномасида бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

ЕОИИдек интеграцион бирлашмани тузишдан мақсад товарлар, капитал ва ишчи кучининг ягона бозорини ташкил этиш, иттифоқ аъзоларининг ишлаб чиқариш салоҳиятини тенг ҳамкорликни йўлга қўйиш йўли билан рўёбга чиқаришдир. Кўриниб турибдики, ЕОИИ аъзолари бир-биридан катта фарқ қиладиган иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар. Бу беш мамлакатни боғлаб турган омил - уларнинг ҳарбий нуқтаи назардан ҳамкорлиги.

Хўш, Иттифоқ ягона тизим сифатида ёки унинг ҳар бир аъзоси интеграцион алоқаларни ривожлантириб, қандай натижаларга эришмоқда?

Россия 2014 йилдан буён Ғарбнинг санкциялари қуршовида. Шу сабабдан улкан ишлаб чиқариш имкониятларига эга мамлакатнинг ривожланиш даражаси кўнгилдагидек эмас. Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 2 фоиздан паст. Беларусь давлати билан Россия Федерацияси ўртасида ягона мамлакат тузиш тўғрисида битим тузилган, аммо мамлакатлар ўртасида катта тафовут юзага келганлиги туфайли ушбу битимни кўзланган даражага етказиш чўзилиб кетмоқда. Беларусь давлати Россиядан нефть ва табиий газни имтиёзли нархда сотиб олиб, уни қайта ишлаб фойда олади. Россия эса имтиёзли нархни аста-секинлик билан кўтара бошлагани сари мамлакатлар ўртасида турли низолар чиқмоқда. Натижада Беларусь бошқа иттифоқдош мамлакатлар билан маслаҳатлашмасдан, мустақил тарзда Украина, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтира бошлади.

Аслида ушбу иттифоқ тузилишининг асосий ташаббускори Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбаев ҳисобланади ва иттифоқ аъзоларидан энг юқори натижага эришган мамлакат ҳам айнан Қозоғистон. Унинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми 10 минг долларга яқинлашди ва бу Россиядан ҳам юқорироқ кўрсаткич. Иттифоққа аъзоликнинг афзаллиги шундаки, Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиш суръати кучайиб, босқичма-босқич ўзининг ташқи қарзини камайтиришга эришмоқда.

Хўш, бизга яқин қўшни бўлган Қирғизистоннинг уч йиллик иттифоққа аъзолигига қандай баҳо бериш мумкин? Қирғизистонликлар Россия ва Қозоғистонда вақтинчалик меҳнат фаолиятини иттифоққа аъзоликдан келиб чиқадиган имтиёзларга таяниб амалга ошириш ҳисобидан муайян фойда кўрмоқда. Бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: Қирғизистон худди Тожикистон каби улкан энергетик потенциалга эга. Гап шундаки, Тожикистон иттифоққа аъзо бўлмасдан туриб ҳам, мавжуд энергия потенциалини рўёбга чиқаришда реал натижаларга эришди, аммо Қирғизистон тўғрисида бундай хулосага келиш қийин. Шуни инобатга олиб, Қирғизистон аста-секинлик билан бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни бошлади. Мисол учун, Туркия билан ўзаро савдони кенгайтириш ҳисобидан ҳозирги 340 миллион доллар ташқи савдо кўрсаткичини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Аслини олганда, Марказий Осиё давлатлари орасида ЕОИИга аъзоликка биринчи даъвогар Тожикистон ҳисобланади. Бунга Россия билан ўрнатилган ҳарбий соҳадаги узоқ муддатли ҳамкорлик, кенг кўламли меҳнат миграцияси, афғон омилини асос қилиб кўрсатиш мумкин. Лекин негадир ҳозирга қадар Тожикистон бундай ҳаракатни бошлагани йўқ. Бунинг бир неча сабаблари бор. Гап шундаки, 2000 йилларнинг бошида Тожикистон энергетик қувватларни Россия ёрдамида ишга туширган, аммо ҳисоблар кўпроқ Россия фойдасига ҳал бўлган. Шуларни инобатга олиб қўшни мамлакатлар, жумладан Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатимиз очиқ иқтисодий сиёсат юритишни бошлаганидан самарали фойдаланишни, ўзаро ташқи савдо айланмасини юқори суръатлар билан ривожлантиришни афзал кўрмоқда.

Иттифоққа аъзолар учинчи мамлакатга нисбатан ўзаро келишилган муносабатларни амалга оширишга мажбур. Бу нима дегани? ЕОИИ аъзолари экспорт қилмоқчи бўлган маҳсулотини биринчи навбатда иттифоқ аъзоларига таклиф этишга ёки аксинча, импорт қилмоқчи бўлса, аввал иттифоқ аъзоларидан сотиб олишга мажбур. Бошқа аъзо мамлакатлар рад этгандан кейин, учинчи мамлакатга сотиш ёки сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу йилдан бошлаб, ЕОИИ аъзолари ягона энергия ва молия бозорини ташкил этишга қўл урмоқчи. Бундан жуда катта имкониятлар вужудга келиши мумкин. Нега деганда Россия ҳозирнинг ўзида, Қирғизистон яқин келажакда Ўзбекистонга керак бўлган электр энергиясини чекланмаган миқдорда етказиб бериши мумкин. Аъзо бўлгандан кейин мамлакат ўзининг узоқ муддатларга белгиланган дастурлардан воз кечишига тўғри келади.

Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиши учун энг катта омил сифатида хизмат қиладиган нарса, бу меҳнат муҳожирлари учун вужудга келадиган муайян енгилликлардир. Гап шундаки, Қирғизистон ва Арманистон фуқаролари Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошириш пайтида рўйхатдан ўтишдаги сарф-харажатларни тежаши мумкин. Аммо бошқа харажатлар, яъни коммунал, ижара ва тиббий хизмат тўловлари ўзгармаслиги аниқ.

Шундан келиб чиқиб, фақат рўйхатдан ўтишдаги харажатларни тежаш ҳисобидан келиб чиқадиган имтиёзлар Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиб киришига асос бўла олмайди. Россиядаги демографик ҳолат ташқи ишчи кучига бўлган талабни яна ҳам ошишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун мамлакатнинг янги ҳукумати яқин йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун тегишли шароит яратиб беришга мажбур бўлади. Қолаверса, малакали кадрларга дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам катта талаб бор. Бунинг учун мамлакатимиздаги кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро маркетинг тадқиқотлари ёрдамида ишчи кучини қабул қиладиган мамлакатлар шароитидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш лозим.

Мамлакатимиз МДҲга аъзолар билан эркин савдо зоналари тузиш орқали яхши натижаларга эришмоқда. Ташқи савдо ҳамкорлари ичида Россия иккинчи (6,6 миллиард доллар ёки 15,7 фоиз), Қозоғистон учинчи (3,3 миллиард доллар ёки 8 фоиз) ва Қирғизистон еттинчи ўринни эгаллайди (829 миллион доллар ёки 2 фоиз). Ижтимоий тармоқларда агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, Россияда ишлаб чиқариладиган товарлар ички бозоримизни забт этиши мумкин, деган хавотирлар кўп учрамоқда. Аммо вазиятга реал қарасак, бундай хавотирга ўрин йўқлигини кўриш мумкин. Гап шундаки, мамлакатимизда 2017 йилнинг сентябридан бошлаб валюта сиёсати либераллаштирилган, яъни хоҳлаган тадбиркор ушбу имкониятдан фойдаланиб, Россиядан истаган товарини импорт қилиш имкониятига эга. Аммо, ташқи савдо фаолияти кенгайгани билан мамлакатимиз савдо пештахталарини Россияда ишлаб чиқарилган товарлар босиб олган, деб бўлмайди. Гап шундаки, Россиянинг истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган корхоналари нотўғри амалга оширилган хусусийлаштириш натижасида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатмай келмоқда. Аслини олганда, илгаридагидек Россиянинг "Урал" мотоцикллари, "Зил" музлаткичлари, "Саратов" кир ювиш машиналари, "Фотон" телевизорлари ва фин уйлари кириб келишни бошласа бу фақат яхшиликка. Ўз вақтида бу нарсалар шунчалик юқори сифатга эга бўлганки, айрим оилалар улардан 30-35 йилдан бери фойдаланиб келмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, ҳар қандай интеграцион бирлашмага аъзолик қилиш дунё иқтисодиётида барқарорлик ҳукмронлик қилаётган шароитда самара бериши мумкин. Агар мавжуд ҳолат ёмонлашса, ҳар бир иттифоқ аъзоси кўрпани ўз томонига тортишни бошлайди. Ҳозирги кунда ривожланган мамлакатлар ўртасида савдо ва валюта "урушлари" авж олмоқда ва бундай шароитда ҳар бир мамлакат мустақил тарзда ўз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилади.

Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирги шароитда биз учун халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг энг қулай йўли, бу МДҲ давлатлари билан эркин савдо зоналари ташкил этишни давом эттириш, иқтисодиётимизни Халқаро Савдо Ташкилоти тамойилларига мослаштиришни жадаллаштиришдир. Бунинг учун, рақобатбардош мамлакатлар қаторига киришдек олий мақсад йўлида қабул қилинадиган ҳар бир қонун ва қарорлар бир томондан илмий жиҳатдан асосланган, иккинчи томондан, имкон қадар умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши лозим.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.