Фарзандингиз совғанинг пулига “пақилдоқ” олишни режалаштирмаяптими?

Янги йил байрами яқинлашмоқда. Байрамда болажонлар ўзи истаган совғани олиб, ўртоқлари билан хурсандчилик қилишни истайди. Бу вақтда “пақилдоқ”лар мавсуми ҳам авж паллага киради. Баъзан ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли болаларнинг “пақилдоқ”лардан фойдаланиши оқибатида байрам кўнгилсизлик билан тугайди.

Бундан бир неча йил олдин Янги йил байрами арафасида бир танишимнинг 10 ёшли ўғли “пақилдоқ” ўйнаши оқибатида ногирон бўлиб қолган эди.

Байрам арафасида “Пул беринг, мактабдаги ўртоқларим билан Қорбобо совғасидан оламан” деб отасидан пул сўраган. Танишим ўғлим хурсанд бўлсин деб сўраганидан кўпроқ пул берган. Бунгача у боланинг мактабдаги бир ўртоғи “пақилдоқ”ни мақтаб, акасида яна борлигини, пулини берса унга ҳам олиб келиб беришини айтган. Ёш бола қизиқувчан эмасми, рози бўлиб пулини берган ва пиротехника воситасини олган.

Ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилган албатта. Аммо танишим ҳозиргача бу воқеада ўзини айблайди.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250-1-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган. Шунга қарамай, пиротехника воситаларининг савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда.

Хусусан, вилоят божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йил давомида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида қиймати 80 миллион 313 минг сўмлик 176 минг 414 дона пиротехника воситаси далилий ашё сифатида ушлаб қолинган. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида бир ҳолатда 9 миллион сўмдан зиёд пиротехника воситаларининг олиб ўтилишига чек қўйилган.

Янги йил байрамида фарзандингизга совға учун пул беришдан аввал ундан нима олишини сўраб кўринг!

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.