Ҳурмат, эътиборга муносиб инсон

Бугун Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган инсон, таниқли сиёсий ва давлат арбоби Пўлат Абдураҳмонов таваллуд топган кун.
Орамизда шундай инсонлар борки, улар ҳақида гапириш, улар ҳақида ёзиш, улар қилган ишларни эътироф этиш, улар билан замондош ва даврадош бўлиб, елкама-елка туриб меҳнат қилиш нафақат бахт, балки саодат ҳамдир. Пўлат Абдураҳмонов ана шундай ҳурмат ва эътибор, фахр-ифтихорга муносиб инсон. У кишидаги юксак билим ва савия, инсонийлик, халқпарварлик, кишиларнинг эзгу фазилатларини ҳамиша ижобий баҳолаш, яхшилик учун яшаш, бошлаган хайрли ишларни охиригача етказиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
П.Абдураҳмонов 1940 йил 3 майда Самарқанд шаҳрининг Боғишамол маҳалласида туғилган. Илк иш фаолиятини 1957 йилда Самарқанд пахта заводида оддий электромонтёрликдан бошлаган. Сўнгра вилоят автотрестида муҳандис бўлиб ишлаган.
Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Харьков автомобиль институтида таҳсил олади. Дипломни қўлга олганидан кейин эса автобус-таксомотор парки бош муҳандиси, автобаза раҳбари ва автотаъмирлаш заводи директори бўлиб ишлайди.
1972 йилдан бошлаб Пўлат Мажидовичнинг фаолияти сиёсий даражага чиқди. Ўша йили Самарқанд вилояти партия қўмитасида инструктор, ташкилий бўлим бошлиғи, Самарқанд шаҳар партия қўмитаси иккинчи котиби бўлиб ишлади. Ўз ишига ўта масъулият билан ёндошадиган ёш мутахассисни Украина Компартияси Марказий Қўмитасига ишга чақиришди. У бу қўмитада бўлим мудири бўлиб ишлаб, катта тажриба орттирди, салоҳиятли раҳбар даражасига етди.
1986 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Тошкент вилоят ижроия қўмитаси раислигига тайинланди. Кўп вақт ўтмай Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.
Кўпчилик кекса авлод вакиллари Пўлат Абдураҳмоновни Самарқанд вилоятининг биринчи ҳокими сифатида танийди ва ҳурмат қилади. Чунки Пўлат Мажидович 1989-1991 йилларда Компартиянинг Самарқанд вилоят қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаган, 1995 йилгача вилоят ҳокими лавозимида мустақилликни мустаҳкамлаш, халқнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини бартараф этиш, аҳолига қулай шароитлар яратиш учун инфратузилмани яратиш, қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш бўйича заҳмат чеккан.
Пўлат акани водийликлар ҳам алоҳида ҳурмат қилади. Чунки 1995 йилда Ўзбекистон йўл қурилиш автотранспорт вазири - Қамчиқ довони қурилиши бошлиғи бўлиб фаолият юритди. Бу вақт давомида Қамчиқ довонида улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу жараёнларда Пўлат Мажидович енг шимариб, мардонавор меҳнат қилди.
П.Абдураҳмоновнинг раҳбарлик маҳорати, айниқса, Самарқанд шаҳрининг паст-у баланд, муаммо-ю масалалари ва уларнинг ечими бўйича тажрибаси катта экани инобатга олиниб, 2000 йилда масъул вазифа - Самарқанд шаҳар ҳокими лавозими топширилади. Серғайрат, салоҳиятли ва тажрибали раҳбар кўҳна кентда икки йил ишлаб, яна самарқандликлар меҳрини қозонди, эътиборга молик ишларни амалга оширди ва обрў топди. Хусусан, шаҳардаги “Панжоб” мадрасаси биносини таъмирлаш ишларида бош-қош бўлди, бизнинг турли катта-кичик тадбирларимизда фаол иштирок этди.
Фаолияти давомида бир неча марта депутатликка сайланди, кўплаб орден ва медаллар соҳиби бўлди.
Табаррук 85 ёшини қаршилаган Пўлат Мажидович айни кунларда ҳам халқ фаровонлиги, жумладан Самарқанд шаҳар транспорти соҳасини замонавийлик асосида ривожлантиришда ўз тажрибаси ва бор куч-қувватини ишга солган ҳолда давом эттириб келяпти.
Пўлат Мажидовични табаррук ёши билан муборакбод этамиз, Яратгандан мустаҳкам имон, соғлик, куч-қувват тилаймиз.
“Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятиСамарқанд бўлими аъзолари.