Файзулла Хўжаев нега отилган?

Узоқ давом этган қийноқлардан сўнг Файзулла Хўжаев СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг қарори билан отишга ҳукм қилинди. Бу - 1938 йил 13 март эди. Ҳукм Москва атрофидаги Бутово қишлоғида 15 март куни ижро этилади.

Файзулла Хўжаев XX аср биринчи ярмида халқимизнинг энг машҳур давлат ва жамоат арбоби сифатида тарих саҳифаларидан ўрин эгаллаган. Аммо унинг ҳаёти ҳам фаолияти сингари зиддиятли ва мураккабли кечган.

Файзулла Хўжаев ҳақида кўпчилик билади, фақат унинг таржимаи ҳолига доир муҳим бир далилни келтириб ўтмоқчиман: Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида 1925 йилда Файзулла Хўжаев шахсан ўз қўли билан рус тилида тўлдирилган бир қанча анкеталардан иборат ҳужжат сақланиб келган. Ушбу нодир ҳужжат муқовасида “ЎзССР МИК аъзоси Файзулла Убайдуллаевич Хўжаевнинг шахсий иши” деб ёзилган. Файзулла Хўжаев яшил сиёҳда тўлдирилган анкеталарининг бирида у 1912 йил 16 ёшдан бошлаб Бухородаги сиёсий жараёнларда фаол қатнашганлиги ва инқилобий “Ёш бухороликлар” фирқаси аъзоси эканлиги қайд этади. Мазкур “иш”даги қизил сиёҳ билан тўлдирилган бошқа бир анкетада у 1913   йилдан бошлаб “Ёш бухоролик инқилобчилар” фирқаси Марказий Қўмитасининг аъзоси бўлганлигини ҳам ёзади (Ўзбекистон МДА, 86-фонд, 1-рўйҳат, 1934 иш, 6-8-варақлар).

Ҳақиқатан ҳам қисқа муддат ичида ёш Файзулла Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг асосий раҳбарларидан бирига айланган. У 1918 йил ёзида Москвага жўнайди. Йўлда оқ гвардиячилар уни ушлаб, ҳибсга олади. Дутовнинг буйруғи билан у Оренбургда 4 ой қамоқда ётади. Ўлим жазосига ҳукм қилинган Файзулла Хўжаев дўстларининг ёрдами билан қамоқдан қочишга муваффақ бўлади.

Файзулла Хўжаев 1918 йил октябридан 1920 йилнинг январь ойигача Москвада бўлиб, “Ёш бухороликлар” фирқаси Марказий Қўмитаси Москва комитети раиси бўлиб ишлайди. У Москвада Совет ҳукуматининг раиси В.И.Ленин ва унинг сафдошлари Сталин, Калинин, Фрунзе, Рудзутак, Элиева билан кўп мулоқотда бўлади. 1920 йил январида Тошкентга келади ва янги ташкил топган инқилобчи “Ёш бухороликлар” фирқасининг Тошкентдаги Туркистон бюроси раиси бўлиб ишлайди.

1920 йил ёзида Бухоро амирлигида сиёсий вазият жуда кескинлашади. 25 августда Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе Бухорога хужум уюштириб, 1920 йил 2 сентябрда Бухоро шаҳрини эгаллайди ва бу қадимий кент қизил армия томонидан таланади. Амирнинг хазинаси М.Фрунзе ва В.Куйбишевнинг кўрсатмаси билан Москвага жўнатилади.

Тадқиқотчилар архивидаги манбалар Бухородан ҳаммаси бўлиб икки эшелонда (ҳар бир эшелонда 14 тадан вагон бўлган) олтин ва қимматбаҳо буюмлар олиб кетилганлиги ёзилган. Бу бойликларнинг умумий қиймати ўша пайтдаги нарх билан тахминан 77 миллион тилла сўмдан иборат бўлган. Бу маблағни ҳозирги баҳога чақадиган бўлсак, тахминан 80 миллиард долларни ташкил қилади.

Файзулла Хўжаев бошчилигидаги ёш бухоролик жадидлар Бухорони европача андозадаги ривожланган давлат даражасига кўтариш, бу ерда демократик тузум ва ҳуқуқий жамият қуриш учун интилади. Шунинг учун у 1920 йил 14 сентябрда халқ демократик ҳокимияти сифатида тузилган Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) нинг  ташкилотчиларидан эди. Файзулла Хўжаев бу республиканинг Бухоро халқ нозирлар шўроси раиси сифатида фаолият бошлайди. Умуман, 1920-1924 йилларда Файзулла Хўжаев БХСР ташқи ишлар, ҳарбий ишлар, ички ишлар нозири, меҳнат ва мудофаа кенгаши раиси каби масъул лавозимларда ишлайди (Ўзбекистон МДА, 86-фонд, 1-рўйҳат,1934-иш, 9-варақ).

Файзулла Хўжаев давлат ва жамоат арбоби бўлиш билан бирга моҳир дипломат эди. У Эрон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон каби шарқ давлатларидан ташқари Ғарб мамлакатлари Англия, Германия, шунингдек, Япония билан дипломатик алоқалар ўрнатишга катта куч-ғайрат сарфлади. Бухоро билан Германия ўртасида маданий ва иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, савдо-сотиқ авж олдирилган. Файзулла Хўжаев 1922 йил октябрь-ноябрь ойларида Германияда бўлиб, турли банклар ва компаниялар билан шартномалар тузган. Шу вақтга келиб у немис тилини жуда пухта билган. У талабаларни хорижга жўнатиб, ўқитишнинг ташаббускорларидан бири бўлган. Файзулла Хўжаев, Фитрат, Мукаммил Бурҳоновнинг ташаббуси билан 100 га яқин туркистонлик талаба БХСР ҳукумати ҳисобидан Германияда, ўнлаб талабалар Туркия ва бошқа давлатларда ўқишган.

Тарихдан маълумки, 1924 йил охири ва 1925 йил бошларида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиб, Ўзбекистон ССР ташкил топди. Файзулла Хўжаев бу мураккаб даврда Ўзбекистон ССР инқилобий қўмитаси (Ревком) – Муваққат ишчи-деҳқон ҳукумати раиси бўлиб ишлади. 1925-1937 йилларда Ўзбекистон ССР Халқ Коммиссарлари Совети раиси бўлиб фаолият юритди.

Файзулла Хўжаев ўз фаолияти давомида ўзбек халқининг иқтисодий ва маданий равнақига хизмат қилувчи тадбирларни амалга оширди. У Марказий Қўмитанинг Ўрта Осиё бюроси ва Ўзбекистон компартиясига нисбатан мухолифат мавқеида турган ўн саккизлар гуруҳи (1925 йил, ноябрь)нинг қулоқларни синф сифатида тугатиш сиёсатини ёқламаган, Ўзбекистонда ёппасига чигит экилиши пахта якка ҳокимлигига олиб келади, деб ҳисоблаган. Ф.Хўжаев Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш кучларини ривожлантирган. Спорт иншоотлари қурилишида ташаббускор бўлган.

Файзулла Хўжаев  42 йил умр кўрган бўлса, шундан 17 йил давомида Бухоро жумҳурияти ва Ўзбекистон ССР ҳукуматларини бошқарди. Афсуски, Ф.Хўжаев 40 ёшида қатағон қилинди. У ўзи хизмат қилган мафкура томонидан ўлимга ҳукм қилиниб, бу ҳукм коммунистик эътиқод ўчоғи - қизил Москвада амалга оширилган. Эҳтимол, Файзулла Хўжаевнинг улкан бахти ҳам, мислсиз фожиаси ҳам шундадир.

Ўзбекистон Компартиясининг VII съезди (1937 йил 10-17 июнь) да Файзулла Хўжаевнинг “миллатчилик” фаолияти фош этилгач, у СССР раҳбари И.Сталин билан учрашиш учун Москвага жўнаб кетади. Бироқ И.Сталин уни қабул қилишдан бош тортади. Файзулла Хўжаев 1937 йил “Национал” меҳмонхонасида қамоққа олинади ва Лефортово қамоқхонасига ташланади. Унга ҳокимиятга қарши аксилсовет ўнг троцкийчи блок фаолиятига қўшилганлик ҳамда “Миллий иттиҳод” яширин ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилганлик, “босмачилик” ҳаракати ва қўрбошиларни қўллаб-қувватлаганлик, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа ўзбек зиёлиларига ғамхўрлик кўрсатганлик каби айбловлар қўйилди.

Узоқ давом этган қийноқлардан сўнг Акмал Икромов, Н.Бухарин, А.Риков ва бошқалар (жами 17 киши) билан бирга Файзулла Хўжаев ҳам СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг қарори билан отишга ҳукм қилинди. Бу - 1938 йил 13 март эди. Ҳукм Москва атрофидаги Бутово қишлоғида 15 март куни ижро этилади.

1965 йил 6 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси Файзулла Хўжаевни айбсиз деб топди ва оқлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда Ватан озодлиги учун курашган фидойи инсонларнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида одил сиёсат олиб борилмоқда. Хусусан, бу йил Файзулла Хўжаев тавалуддининг 125 йиллиги нишонланади. Шундан келиб чиқиб, Ф.Хўжаев фаолиятини ўрганиш, сиёсий арбобнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди:

- 1925-1930 йилларда Самарқанд шаҳрида яшаган Файзулла Хўжаевнинг (ҳозирги Зафарнома кўчаси, 1-уй) уйини қайта реконструкция қилиб, "Файзулла Хўжаев уй-музейи" ташкил этиш;

- Файзулла Хўжаев яшаган Зафарнома кўчасига Файзулла Хўжаев номини бериш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хавфсизлик хизмати архивларидаги муомалага киритилмаган архив ҳужжатлари асосидаги маълумотларни киритган ҳолда Файзулла Хўжаевнинг танланган асарларини қайта тўлдирилган ҳолда нашр эттириш.

Шокир Ғаффоров,

Самарқанд давлат университети профессори, тарих фанлари доктори.